Иқтисодиёт | 10:09 / 14.08.2021
10754
2 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 40 фоизга ошди

Жорий йилнинг биринчи ярмида 1,3 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.

Ўзбекистон 2021 йилнинг январь-июнь ойларида 57 та хорижий давлатга қиймати 1,3 млрд долларга тенг бўлган тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 523,2 млн долларга кўпроқ.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида тўқимачилик маҳсулотлари энг кўп Россия (434,5 млн доллар), Хитой (337,8 млн доллар) ва Қирғизистонга (177,7 млн доллар) экспорт қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2020 йилда 70 та хорижий давлатга қиймати 1,9 миллиард долларга тенг тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган. 2020 йил мобайнида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг энг кўп қисми Россия (655,5 млн доллар), Хитой (438,2 млн доллар), Қирғизистон (283,9 млн доллар) ва Туркия (206,1 млн доллар) давлатларига экспорт қилинган. 2019 йилга нисбатан олганда, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 295,3 миллион долларга ошган.

Охирги йилларда тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг ошаётганини пахта хом ашёсидан юқори қўшилган қийматга эга тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги пахта толаси экспорти 65,35 фоизга қисқарган.

Мавзуга оид