Ўзбекистон | 08:11 / 18.08.2021
6636
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда насос станциялари модернизация қилинади

Президентнинг «Россия Федерациясининг Давлат тараққиёт корпорацияси «ВЭБ.РФ» иштирокида Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95та насос станцияcини модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат насос станцияларини модернизация қилиш, электр энергиясини тежаш ҳамда суғориладиган ерларни сув билан барқарор таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қуйидагилар тасдиқланди:

а) қуйидаги лойиҳаларнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари:

«Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 29 та насос станциясини модернизация қилиш»;

«Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 24 та насос станциясини модернизация қилиш»;

«Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 42 та насос станциясини модернизация қилиш»;

б) юқорида айтиб ўтилган лойиҳалар учун Россия Федерациясининг Давлат тараққиёт корпорацияси «ВЭБ.РФ»дан (Внешэкономбанкдан) жалб этиладиган кредит бўйича асосий қарзни қайтариш ва фоизлар тўлашнинг прогноз жадвали;

в) мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари ва етиштириладиган маҳсулот прогноз кўрсаткичлари.

Инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 213,5 млн еврони ташкил қилади, шундан:

  • 146 млн евро – Внешэкономбанк кредити;
  • 67,5 млн евро – Ўзбекистон Республикасининг улуши, жумладан 33,7 млн евро – республика бюджети ҳисобидан ҚҚСни қоплаб бериш ва божхона божидан озод этиш шаклида.

Ўзбекистон Республикаси номидан Молия вазирлиги Внешэкономбанк кредити (қарзи) бўйича қарз олувчи ҳисобланади.

Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳаларни амалга оширишда иқтисодий ва молиявий самарадорликка ҳамда белгиланган кўрсаткичларга эришиш, шунингдек кредитнинг мақсадли ишлатилиши бўйича масъул ижрочи орган ҳисобланади. У лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бош пудратчиларни тендер асосида аниқлайди.

Бош пудратчилар лойиҳаларни амалга ошириш доирасида қарз шартномасида белгиланган маблағ ҳисобидан насослар, электр двигателлар, жиҳозлар, электр қурилмалари ва бошқа турдаги маҳсулотлар ва хизматларнинг:

  • 70 фоизини Россия Федерацияси ишлаб чиқарувчиларидан, 30 фоизини эса Ўзбекистон Республикаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилади;
  • Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ Ўзбекистон Республикаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларидан харид қилади.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 2024 йил май ойига қадар Давлат бюджети ва Внешэкономбанк кредитлари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар божхона божидан озод қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид