Давлат нархларни сунъий тушириши нега хавфли?
АҚШнинг Висконсин университети бизнес мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервьюсида давлатнинг бозорга ўринсиз аралашуви жиддий оқибатларга олиб келишини Аргентинадаги гўшт саноати мисолида тушунтириб берди.
“Аргентинанинг гўшт экспорти ҳақида мақола ёзгандим. Аргентина дунёдаги энг катта гўшт экспортчиларидан бири бўлган. Бундан бир неча йил олдин, бутун дунёда гўшт нархи қимматлаша бошлаган пайтда аргентиналик тадбиркорлар яхши фойда қилган, бироқ шу пайтда мамлакатнинг сиёсий бошқарувчилари: “Гўшт нархи кўтарилиб кетди, одамларимиз қийналяпти”, деган важ билан гўшт экспортига 40 ё 50 кунлик тақиқ қўйишган.
Кейин нима бўлган? Албатта, гўшт нархи тушган. Минглаб тонна гўшт маҳсулотларини экспорт қилаётган мамлакатда чекловлар ўрнатилса, ўз-ўзидан ички бозорда маҳсулот кўпайиб кетади. Аммо бунинг натижасида, бир қанча вақтдан кейин мамлакатда гўшт кескин қимматлашиб, Аргентина дунёдаги энг кўп гўшт экспорт қилувчи мамлакатлар қаторидан чиқиб кетган.
Бунинг сабаби – рағбатлар нотўғри қилиб қўйилганида. Натижада гўшт саноатига пул тикиши мумкин бўлган эҳтимолий инвесторлар ўз маблағини бошқа соҳага йўналтирган. Чунки улар давлат исталган пайтда экспортга тақиқ қўйиб қўйиши мумкинлигини кўришган.
Тадбиркорлар чўчиб қолиши учун давлат бу ишни бир марта қилиши етарли. Инвестор пул тикди, гўшт етиштирди ва энди сотаман деганда, тақиқ қўйиб қўйишди.
Мамлакатда гўшт нархининг ошиши бошқа нарсалар ҳам қимматлашишига сабаб бўлган. Гўшт ишлаб чиқариш занжирида катта музлаткичлар, транспорт воситалари, гўштни экспорт қилиш учун қадоқлаш кабилар йўлга қўйилган бўлган. Яъни ҳукуматнинг битта қарори билан бутун бир саноат ўлган деса бўлади.
Адашмаётган бўлсам, аввалига тақиқ 4 ҳафта муддатга қўйилган, ана ўша 4 ҳафта инвесторларни мамлакатдан бошқа қўшни мамлакатларга чиқиб кетишига сабаб бўлган. Инвесторлар Парагвай ёки Бразилияда гўшт етиштиришимиз мақсадга мувофиқроқ деган қарорга келишган. Бунинг оқибатида Аргентина ҳали ҳам гўшт экспорти бўйича ўзининг ўша вақтдаги кўрсаткичларига қайта олмаган.
Ўша пайтда Аргентина ҳукуматининг қилаётган иши гўёки олийжаноб эди: “Гўшт қимматлашиб кетди, келинглар, одамларга ёрдам берайлик, инсофсиз фермерларнинг попугини оз бўлса-да тушириб қўяйлик”, дейишган. Бироқ бу бозор учун салбий сигнал бўлган.
Гўшт нархининг тушиши аҳолига уни кўпроқ истеъмол қилиш сигналини беради. Яъни гўшт нархи тушиб кетса, ҳаммамиз уни кўпроқ истеъмол қила бошлаймиз. Бироқ бу сармоядорларга: “Гўшт нархи тушиб кетди, ундан кўра сармоянгни бошқа соҳага йўналтир” деган сигнал бўлади.
Тадбиркорлар, инвесторлар доим потенциал фойда нуқтайи назаридан фикрлайди. Агар давлат сунъий тарзда ниманингдир нархини туширса, бу ҳаммани қўрқитиб қўяди ва ўша соҳага кириш рисклари ниҳоятда ошиб кетади. Оқибатда ўша маҳсулот нархи қимматлигича қолаверади”, – деди иқтисодчи.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
07:31 / 12.11.2024
Октябрда айрим автомобиллар нархи бироз пасайди
20:57 / 08.11.2024