Жаҳон | 12:03 / 25.08.2021
29925
13 дақиқада ўқилади

«Толибон» Афғонистонни эгаллашида Покистоннинг ҳам роли борми?

«Толибон» Афғонистоннинг деярли барча ҳудудини қайта ўз назоратига олган бир пайтда кўплаб афғонистонликлар Покистонни йиллар давомида толибларни қўллаб-қувватлаб келишда айблашмоқда.

Фото: Getty Images

Бу доираларга кўра, агар Покистон хоҳлаганда эди, «Толибон» устидаги ўз кучидан фойдаланиб, зўравонликни тўхтатиши ёки ташкилотнинг янгидан қувватга тўлиб, қайтишига йўл қўймаслиги мумкин эди.

Покистон эса «Толибон»га нисбатан бундай таъсир кучига эга эканлигини инкор этади.

Афғонистон ва Покистон ўртасида 70 йилдан бери давом этаётган зиддият ва ҳокимият учун кураш Покистонни Афғонистон ичидаги турли гуруҳларни қўллаб-қувватлашга йўналтирди.

Шу сабабли, минтақада нодавлат гуруҳларни кучайтирмаслик ва барқарорликни таъминлаш учун қилиниши лозим бўлган иш – Покистон ва Афғонистон ўртасида тўлиқ ҳамкорлик ва тинчликни таъминлашдир.

Хўш, бу кескинлик ва Покистоннинг тутган йўли бугун вужудга келган вазиятга қандай таъсир кўрсатди?

Буюк Британиянинг минтақадан чиқиб кетиши билан бошланган зиддият

Британиянинг Покистон ва Бангладешни ҳам ўз ичига олган империявий бошқаруви Ҳиндистонда 1940-йилларга қадар давом этади.

Инглизлар минтақада кучли мавқега эга бўлган пайтда, 1919 йилгача (аввал амирлик, кейин эса қироллик бўлган) афғонлар ва инглизлар ўртасида уч марта уруш бўлади. 1919 йилда якунланган охирги урушдан кейин инглизлар афғонларнинг мустақиллиги ва суверенитетини тан олади.

Бу жараёнда 1893 йил Британия ҳукмронлиги остидаги Ҳиндистоннинг босими остида Дуранд чизиғи деб номланган ва пуштунлар яшаган минтақани иккига бўлувчи чегара чизиғи лойиҳаси қабул қилинади.

Бироқ Англиянинг минтақадан чиқиб кетиши ва 1947 йилда Покистоннинг мустақиллик эълон қилиши ортидан Афғонистон амалда чегара вазифасини ўтамайдиган ва ҳар куни ўн минглаб пуштунлар ўтадиган бу чизиқни расман тан олишни истамайди.

Бунинг асл сабаби Покистондаги пуштунларнинг ўз минтақасидаги пуштунлар билан яқин муносабатларни давом эттириш орқали автоном ҳудуд яратиш учун улар билан ҳамкорлик қилиши эди. 1947 йил БМТда Афғонистон Покистонни суверен давлат сифатида тан олмайди.

Шу тариқа, икки суверен давлат – Афғонистон ва Покистон ўртасидаги зиддият бошланади. Покистон мустақил бўлгунга қадар пуштунларнинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаган Афғонистон Покистоннинг мамлакат ичидаги баъзи қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашига эътироз билдиради.

Совуқ уруш даврида улар қарама-қарши жабҳалардан ўрин олди

Совет аскарлари Афғонистонда / Getty Images

1950-йилларда Покистон Дуранд чизиғи ҳудудида чегара постлари ўрнатади ва Покистон тарафидаги пуштунлар учун алоҳида шаҳарсозлик лойиҳаларини ишлаб чиқади. Хавфсизлик кучларининг даҳшатли тўқнашувларига сабаб бўлган чегара масаласи совуқ уруш даврида янада кескин тус олади.

Афғонистон совуқ урушда советларнинг дипломатик, молиявий ва ҳарбий ёрдамини олади, Покистон эса АҚШ тарафида туради.

Покистон 1947 йилдан бери минтақавий душман деб билган Ҳиндистон ҳам советларга яқин эди.

Минтақадаги энг муҳим икки рақиби унга қарши ҳамкорлик қилмоқда деб ҳисоблаган Исломобод Афғонистондаги ноқонуний гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини олиб боради.

1970-йиллардан бошлаб Покистон Афғонистонда пуштунларни ваҳобийлик таълимоти билан мадрасаларда ўқитишни бошлайди. Унинг асосий мақсади – пуштунларнинг этник кимлигини эмас, балки исломий кимлигини олдинги планга чиқариш орқали пуштун айирмачи ҳаракатларнинг олдини олиш, шу билан бирга, Афғонистонда советлар томонидан қўллаб-қувватланган ҳокимиятга қарши бўлган гуруҳларни қўллаб-қувватлаш эди. Покистонда ўқиган бу жангчилар «мужоҳидлар» деб аталади.

1979 йил советлар Афғонистонда ўзлари қўллаб-қувватлаган ҳокимиятга қарши бошланган қўзғолонларни бостириш учун мамлакатга қизил армия қисмларини киритади. АҚШ эса Покистон мужоҳидларни ўқитадиган мадрасаларни қўллаб-қувватлай бошлайди.

Шу тариқа Афғонистон қабул қилмаган ва кириш-чиқишга рухсат берган «чегара чизиғи» Покистондан мужоҳидлар, қурол-яроғлар ва пуллар осонлик билан оқиб ўтадиган йўлга айланади.

1980 йилда Кобул вакиллари чегарани ёпиш талаби билан Исломободга боради, Покистон эса буни рад этади ва чегарани мужоҳидлар учун очиқ қолдиради.

Босқинчилар танкини эгаллаб олган мужоҳидлар / Getty Images

АҚШ ва Саудия Арабистони ёрдами билан Покистон Афғонистонда келажакда ҳокимиятни эгаллаши мумкин бўлган тўртта гуруҳни қўллаб-қувватлайди.

1989 йилда советлар Афғонистондан бутунлай чиқиб кетгач, 1990-йилларда ҳақиқий куч ўзи қўллаб-қувватлаган гуруҳларда эмас, балки толибларда эканини кўрган Покистон ўз ёрдамини уларга қаратади.

АҚШ Тинчлик институти томонидан 2021 йилда эълон қилинган ҳисоботда Покистон ўша пайтда ўз чегараларида ўқитилган мужоҳидларнинг бир қисмини Ҳиндистон билан зиддиятга олиб келган Кашмир вилоятига ҳам юборгани айтилади.

Агар Покистон 1996 йилдан бери Кобулдаги бошқарувни ўз қўлига олган «Толибон»ни қўллаб-қувватласа, минтақадаги Россия, Эрон ва Ҳиндистон каби давлатларга қарши ўз позициясини кучайтириши мумкин эди. Шу боис, у бу борада режалар тузади. Бу ҳақда юқоридаги ҳисоботда ҳам айтилади.

Покистон муваффақиятли ва жасур деб билган талабаларни АҚШнинг минтақадаги расмийларига таништиради.

Покистонлик тадқиқотчи журналист Аҳмад Рашидга кўра, 1971 йилда Покистондаги мадрасалар сони 900та эди ва бу рақам 1988 йилда 8 мингдан ошган. Чегара ҳудудларида рўйхатдан ўтказилмаган яна 25 минг мактаб бор эди.

1996-2001 йилларда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган толибларни фақат уч давлат – Саудия Арабистони, Покистон ва БАА қонуний деб тан олади.

«Толибон» билан тинчлик музокараларида Покистоннинг роли

2001 йил охирида АҚШнинг «Толибон» назорати остидаги Афғонистонга ҳарбий аралашуви бошланади. Қисқа вақт ичида «Толибон» ҳукмронлиги ағдарилади ва унинг аксар аъзолари Покистонга қочиб кетади.

Совуқ уруш пайтида ҳам Ғарб лагерида бўлган Покистон Афғонистондаги «терроризмга қарши кураш»да АҚШ тарафдори эканлигини эълон қилади. Бироқ у бир томондан толиблар билан ҳам алоқани узмайди.

2004 йилда АҚШ кўмагида Афғонистон президенти сифатида иш бошлаган ва 2014 йилгача ўз вазифасини давом эттирган Ҳамид Карзай «Толибон»нинг АҚШ ишғолига қарши ҳужумлари кучайган бир пайтда тўғридан тўғри Покистонга ишора қилиб, уни «Афғонистон хавфсизлигига кўз юмиб, минтақада сателлит урушини қўллаб-қувватлаш»да айблайди.

Бошқа томондан Покистон сателлит уруши олиб бориш даражасида ташкилот устидан кучли таъсирга эга эмаслигини таъкидлайди.

Бу қисман ҳақиқат эди. Иқтисодиёти ёмонлашгани боис, Покистон «Толибон» раҳбарларига нисбатан жорий этилган халқаро санкциялардан қочиш учун айрим майда гуруҳларни қўллаб-қувватлашни камайтиради.

Бироқ бу жараёнда «Толибон» асосчилари ва юқори лавозимли раҳбарлари Покистонда қолиш, мулк сотиб олиш ва ҳатто тижорат очиш орқали тирикчилик қилишни давом эттиради.

«Толибон» жангарилари жароҳат олганда Покистон чегарасини кесиб ўтгани ва шу ердаги шифохоналарда даволангани ҳақида маълумотлар бор.

Афғонистон чегараси яқинидаги шифохоналарда ишлайдиган шифокорлар халқаро ахборот агентликлар билан суҳбатда Чаман (Афғонистон томонида Спин- Болдак) ва Торкам чегараларида афғон армияси билан жанг пайтида жароҳат олган толиблар Покистон касалхоналарига олиб келингани ва шу ерда даволанганини айтишган.

Аноним тарзда маълумот берган шифокорларнинг айтишича, даволаниши узоқ давом этган ярадорларнинг бир қисми Покистоннинг Кветта шаҳрига олиб кетилган. Кветта юқори даражали толиб раҳбарларининг қароргоҳи сифатида танилган. Шунинг учун ҳам юқори бошқарув «Кветта кенгаши» деб ҳам аталади.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Покистоннинг «Толибон»га таъсири мавжудлигига ишониб, Афғонистондан чиқиш учун «Толибон» билан музокара олиб бораётганида Покистондан ёрдам сўрайди. 2020 йилда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокаралар бошланганда ҳам у «Афғонистондаги тинчлик жараёнида Покистоннинг ўрни қанчалик муҳим» эканлигини очиқ айтади.

Шунингдек, Туркия ҳам АҚШ чиқиб кетганидан кейин қабул қилиб олишни режалаштираётган Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаш вазифаси бўйича Покистон билан алоқага чиққан. Чунки «Толибон» билан музокараларда толиблар «Туркияни истилочи давлат сифатида кўриши»ни айтганди.

BBC турк хизматига маълумот берган турк дипломатик манбаларининг билдиришича, Туркия амалга оширмоқчи бўлган вазифадан Покистон безовталанган ва шу боис ҳам «Толибон»нинг кескин муносабатини юмшатишга ҳаракат қилмаган.

АҚШнинг чиқиб кетиш жараёнида тезлик билан ҳаракатланган «Толибон»га қарши курашган, мамлакат ғарбидаги Ҳирот атрофида кучли ҳарбий етакчи саналувчи, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган қўмондон Исмоил Хон ҳам маҳаллий матбуотга берган баёнотида ўз мамлакатидаги урушнинг сабабчиси сифатида Покистонни кўрсатади:

«Мен аниқ айта оламанки, бу уруш Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида эмас. Бу Покистоннинг афғон халқига қарши урушидир», дейди у.

Гарчи Покистон 30 йилдан ошиқ вақт давомида «Толибон»нинг энг яқин тарафдори бўлган эса-да, Россия, Эрон ва Хитой каби давлатлар ҳам бу ташкилот билан алоқага киришди. Халқаро тан олиниш эҳтимоли бўлган, АҚШ чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг соҳада ўз кучини намоён қилган «Толибон» ҳам Покистонга бўлган қарамлигини камайтирди.

Шу сабабли, айниқса, америкалик экспертлар Покистон «Толибон»га жиддий таъсир кўрсатмайди» деган гаплар қисман ҳақиқат эканига қўшилишади.

Бироқ унутмаслик керакки, «Толибон»нинг юқори мартабали аъзоларининг кўпчилиги ҳали ҳам оилалари билан Покистонда яшайди.

Америкалик экспертларнинг таъкидлашича, агар толиблар Кобулдаги ўтиш давридан кейин Афғонистондаги ҳокимиятини мустаҳкамласа ва маълум даражада халқаро тизимга интеграциялашса, ўз оилаларини ҳам Афғонистонга кўчириб, Покистон билан муносабатларни минималлаштириши мумкин.

АҚШдаги халқаро таҳлил маркази – Карнеги Халқаро тинчликни тарғиб қилиш жамғармаси август ойида берган ҳисоботда айтилишича, Афғонистондан чиқиш қарорини охирги бўлиб имзолаган АҚШ президенти Жо Байден ҳам Покистон армияси раҳбарларининг «Толибон»га таъсир ўтказа олиш кучига ишонади.

Шунга кўра, Байден «Толибон»ни Афғонистон ҳукумати билан ҳокимиятни бўлишиш борасида муросага олиб келиш учун Покистон армиясидан ўз таъсир кучини қўллашни сўради. Бунинг эвазига эса у толибларга халқаро миқёсда тан олиниш ва молиявий ёрдам ваъдаси берилишини айтди. Бироқ Исломобод «Толибон» ҳокимиятни эгаллаб олган бир пайтда Байденнинг талабини бажаришдан бош тортди.

Покистон расмийлари «Толибон» ҳукумати Кобулда бўлишини хоҳламасликлари»ни айтишмоқда

Гарчи Афғонистондан Покистонга қарши айбловлар ёғилаётган бўлса-да, Покистон маъмурияти уларни рад этмоқда ва 20 йилдан сўнг Афғонистонда «Толибон» ҳукмронлигини кўришни истамаслигини билдирмоқда.

Покистон бош вазири Имрон Хон АҚШ чиқиб кетишини эълон қилганидан бери қатнашган кўплаб халқаро учрашувларда «Афғонистонда тинчлик бўлишини хоҳлашларини ва улар ҳеч бир тарафни қўллаб-қувватламаганларини, «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллашига аниқ бир тарзда қарши чиққанларини» таъкидлади.

Бироқ бу орада урушда ҳалок бўлган «Толибон» жангчиларининг дафн маросимлари Покистонда, боз устига, жуда кўп одам иштирокида ўтказилиши давом этди.

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, Имрон Хон 2020 йил июнь ойида парламентда қилган нутқида «Ал-Қоида» раҳбари Усама бин Лодин учун «шаҳид» иборасини ишлатган (АҚШ 2010 йил Покистоннинг Абботобод шаҳрида ўтказилган операцияда Усама бин Лодинни ўлдирганди).

«Америкаликлар Абботободга келиб, Усама бин Лодинни ўлдириб, уни шаҳид қилишганда биз покистонликларнинг қанчалик уятга қолганимизни ҳеч қачон унутмайман», деганди Хон ушбу операция ҳақида қилган чиқишида.

Покистонда кўплаб афғон қочқинлари мавжуд. БМТнинг қочоқлар бўйича олий комиссарлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда Афғонистонни 400 минг киши тарк этган. Дунё бўйлаб 2,6 миллион афғон қочқинларининг 1,4 миллиони Покистонда истиқомат қилади. 

Мавзуга оид