«Толибон»га қарши турган ягона ҳудуд – Панжшер водийси ҳақида нималар маълум?
Афғонистон пойтахти Кобулдан 150 км шимоли-шарқда жойлашган Панжшер водийси «Толибон»га қаршилик кўрсатишнинг «сўнгги таянчи» бўлиб турибди.
Тик қояли тоғлар орасида жойлашган бу водийда 1979-89-йилларда советлар босқинига қарши, 1996-2001 йилларда эса толибларга қарши кураш олиб борилган.
«Сўнгги 20 йил ичида бу ер Афғонистондаги энг хавфсиз ҳудуд сифатида кўрилган», дейди BBC афғон хизмати ходими Марям Омон.
Панжшер бугун ҳам мамлакатнинг 34 вилояти орасида «Толибон» қўлга кирита олмаган ягона ҳудуддир.
Аммо толиблар бу ерни олиш учун ўз кучини сафарбар қилмоқда.
«Биз иккинчи марта «Толибон»га қаршилик кўрсатишга тайёрмиз», дейди Панжшер иқтисодиёт бўлими бошлиғи Абдул Раҳмон.
«Толибон» Кобулга кирмасдан олдин Афғонистонни тарк этган собиқ президент Ашраф Ғани ҳукуматининг вице-президенти бўлган Амрулла Солиҳ ҳам шундай хабарни бермоқда.
Муқаддам разведка хизмати бошлиғи вазифасида ҳам ишлаган Амрулла Солиҳ Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгач, ўзини «Афғонистоннинг вақтинчалик қонуний президенти» сифатида эълон қилди.
Солиҳ Панжшер бошқа минтақаларга намуна эканини айтиб, халқни қаршилик ҳаракатига қўшилишга чорламоқда.
«Мен ҳеч қачон «Толибон» билан бир том остида бўлмайман. АСЛО», деб ёзди у твиттерида.
BBC мухбири Марям Омонга кўра, «Толибон»га қарши қарата айтилган бу хабар кўплаб афғонларга ёқиши мумкин.
Тахминларга кўра, Солиҳ Панжшерда Аҳмад Масъуд билан бирга. Масъуд водийда Афғонистон миллий қаршилик фронти (NRF) номи билан «Толибон»га қарши фронт тузган. Масъуд – «Панжшер арслони» лақаби билан эсга олинадиган, 1990-йилларда «Шимолий альянс» раҳбари сифатида «Толибон»га қаршилик кўрсатган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли.
Масъуд ўтган ҳафта Washington Post газетаси учун мақоласида «Панжшерни Афғонистон озодлигининг сўнгги таянчи сифатида ҳимоя қилишга онт ичгани»ни маълум қилди ва Ғарб давлатларини «озодлик йўлида ёрдам бериш»га чақирди.
Панжшер ва уни ҳимоя қилувчи кучлар ҳақида нималар маълум?
Табиий қалъа
Афғонистон миллий қаршилик фронтининг ташқи ишлар бўйича ходими Али Назарийнинг BBC’га айтишича, қаршилик тарафдорлари тинчлик ва марказлаштирилмаган бошқарувга асосланган ечим исташса-да, минглаб аскарлар билан Панжшерни ҳимоя қилишга тайёр.
Али Назарийнинг таъкидлашича, водийда ўқитилган маҳаллий кучлар мамлакатнинг турли нуқталаридан келган собиқ мудофаа қўшинлари ва «Толибон»га қарши бўлган кучларнинг қўшилиши билан кучайтирилган.
Ҳар қандай можарода водий географияси қаршилик кучларига устунлик беради.
Панжшернинг баланд қоялари ва даралари бу ҳудудни мустаҳкам қалъага айлантирган. Водийга эса улуғвор тоғлар орасидаги бўғоз орқали кирилади.
Ўртасидан дарё оқувчи водий Афғонистон ва шимоли-ғарбий Покистон орасидаги Ҳиндукуш тоғ тизмаларига жуда яқин.
Минтақада зумрад маъданлари, гидроэлектрик тўғонлар ва шамол станцияси каби табиий манбалар мавжуд. АҚШ ёрдамида минтақада йўллар ва пойтахтдан сигнал оладиган радио минораси қурилган.
Бироқ Панжшер иқтисодий жиҳатдан мамлакатнинг энг муҳим ҳудудларидан бири эмас.
BBC жаҳон хизмати мухбири Хорун Шафиқийнинг айтишича, водий «партизанлар уруши учун жуда мос», лекин стратегик аҳамиятга эга эмас.
«У бирор муҳим портга яқин эмас, саноати йўқ, мамлакат ялпи ички маҳсулотига ҳам ҳисса қўшмайди», дейди у.
150дан 200 минггача бўлган аҳолисининг деярли барчаси этник тожик бўлиб, форс тилида сўзлашади. Тожиклар Афғонистондаги 38 миллионлик аҳолининг чорак қисмини ташкил қилади.
Бу жамоа тарихан ҳамиша толибларга қарши бўлган.
«Қаршилик рамзи»
Афғонистонлик «мужоҳид» Аҳмад Шоҳ Масъуд Панжшернинг «Толибон»га қаршилик кўрсатиш тарихида муҳим шахс бўлган. У 1980-1990-йилларда минтақада мухторият учун олиб борилган курашни бошқарган. 2001 йил 9 сентябрь куни, АҚШда содир этилган терактлардан икки кун олдин «Ал-Қоида» томонидан ўлдирилган.
«Панжшер арслони» (Панжшер – «бешта шер» деган маънони англатади) лақабли Масъуд афишаларини Афғонистоннинг кўп жойларида учратиш мумкин.
«Панжшер афғон-совет уруши пайтида (1980-йилларда) Аҳмад Шоҳ Масъуд томонидан қалъа сифатида ишлатилган», дейди BBC мухбири Марям Омон.
Марям Омоннинг айтишича, «Толибон» ҳокимият тепасида бўлган 1996-2001 йилларда ҳам толиблар ва турли мужоҳид гуруҳлари ўртасида кечган урушларда ҳам ушбу минтақа муҳим ўрин тутган.
«2001 йил Масъуд вафотидан кейин ҳам минтақа «Толибон»га қаршилик меросини давом эттирди», дейди у.
Аҳмад Шоҳ Масъуд – кўплаб афғонлар учун ҳурматли шахс.
Ҳамид Карзай президентлик даврида Масъудни миллий қаҳрамон, деб эълон қилади. 2012 йилдан эътиборан, у вафот этган 9 сентябрь Шаҳидлар куни ва Аҳмад Шоҳ Масъуд куни сифатида нишонланади.
Вице-президент Амрулла Солиҳ Масъудга содиқлигини очиқ эълон қилган эди.
«Мен афсонавий қўмондоним ва йўл кўрсатувчи қаҳрамоним Аҳмад Шоҳ Масъуднинг руҳи ва меросига ҳеч қачон хиёнат қилмайман. Мен ҳар қандай ҳолатда толиб террорчиларига бўйин эгмайман», деб ёзади у твиттерида.
Панжшерлик ва асли тожик миллатига мансуб бўлган Солиҳ 1990-йилларда «Толибон»га қарши курашган «Шимолий альянс» аъзоси эди.
Масъудни ҳарбий жиноятлар қилган, деювчилар ҳам бор.
Human Rights Watch ташкилотининг 2005 йилдаги тадқиқотига кўра, Афғонистондаги урушлар пайтида унинг қўмондонлиги остидаги ҳарбий кучлар томонидан қилинган «кўплаб суиистеъмол ҳолатлари Аҳмад Шоҳ Масъудга ишора қилади».
«Биз бу кун келишини билардик»
Энди водийдаги қаршиликка унинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда.
16 август санасида ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда Солиҳ ва Масъуднинг бирга кўриниши улар ўртасида иттифоқ борлигини кўрсатди.
Ўтган ҳафта Washington Post газетасида эълон қилинган мақолада Масъуд ўз жангчилари Афғонистон армияси ва махсус кучларидан ҳарбий ёрдам олганини маълум қилди.
«Бизда отам давридан бери сабр-тоқат билан тўпланган ўқ-дори ва қуроллар бор, чунки биз бу кун келишини билардик. «Толибон»га қарши мужоҳидлар кураши энди бошланди, аммо ёрдамга эҳтиёжимиз бор. Агар «Толибон» қўмондонлари ҳужум уюштиришса, улар, албатта, бизнинг қаттиқ қаршилигимизга дуч келишади... Ҳарбий кучларимиз ва моддий-техник базамиз етарли бўлмаслигини биламиз. Ғарблик дўстларимиз тезда уларни бизга етказиб бериш йўлини топишмаса, тез орада тугайди», дейди Масъуд.
Мавзуга оид
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
19:21 / 01.11.2024
Охунзода ва Ҳаққоний қарама-қаршилиги: «Толибон» раҳбариятида низо авж олдими?
23:27 / 27.10.2024
ОАВ: «Толибон» аёлларга бир-бири билан гаплашишни тақиқлади
20:59 / 14.10.2024