Ўзбекистон | 15:24 / 29.08.2021
28017
9 дақиқада ўқилади

Олдинда олтинчи сайлов. Ўзбекистонда президентлик сайловлари тарихига назар

Жорий йилнинг 24 октябрида Ўзбекистон Республикаси президентлигига навбатдаги сайлов бўлиб ўтади. Айни дамда мамлакат бўйлаб мазкур муҳим санага тайёргарлик авжида. Шу муносабат билан Kun.uz мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги президентлик сайловларини эслади.

Ўзбекистонда президентлик лавозими жорий этилиши

1990 йил март ойида СССР тарқатилмай туриб иттифоқ мамлакатлари ичида Ўзбекистон ССРда илк бор президентлик лавозими таъсис этилди. 24 март куни Олий Кенгаш халқ депутатлари томонидан ўша вақтда Компартия марказий қўмитаси бош котиби бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР президенти этиб сайланди.

Шунингдек, 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССРда вице-президент лавозими ҳам жорий қилиниб, унга Шукрулло Мирсаидов тайинланган. Мирсаидов мамлакат тарихида биринчи ва охирги вице-президент бўлиб қолган. 1992 йил 13 январь куни вице-президентлик лавозими тугатилиб, бош вазир лавозими таъсис этилган.

Президентлик сайловлари тарихи

1991 йил 29 декабрь куни мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор умумхалқ президент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловларда Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов ҳамда «Эрк» партиясидан партия етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг номзоди қўйилган. Сайлов якунларига кўра, Ислом Каримов 86 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

1995 йил 26 март куни амалдаги президент Ислом Каримовнинг ваколатларини 2000 йилга қадар узайтириш юзасидан умуммиллий референдум ўтказилади. Қатнашчиларнинг мутлақ кўпчилик (99,6 фоизи) қисмининг овози билан президентлик муддати узайтирилади.

2000 йил 9 январь куни Ўзбекистонда иккинчи марта президентлик сайлови бўлиб ўтди. Марказий Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бунда сайловчиларнинг 95,1 фоизи, яъни 12 миллион 123 минг 199 нафар фуқаро қатнашган. Ушбу сайловда икки нафар номзод иштирок этган.

Сайлов натижаларига кўра, Фидокорлар миллий демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Каримов 11,1 миллион нафар, яъни сайловчиларнинг 91,9 фоизи овозини олиб, ғалаба қозонган. Халқ Демократик партиясидан кўрсатилган иккинчи номзод Абдулҳафиз Жалоловга эса 505,1 минг сайловчи, яъни 4,71 фоиз сайловчи овоз берган.

Ўша пайтда амалда бўлган Конституцияга кўра, Ўзбекистонда президентнинг ваколатлари муддати 5 йил бўлган.

2002 йил 27 январь куни мустақил Ўзбекистон тарихида яна бир муҳим сиёсий жараён – умумхалқ референдумда ўтказилди. 12,1 миллиондан ортиқ сайловчи қатнашгани айтилган ушбу референдумда иккита савол қўйилади:

  1. «Сиз келгуси чақириқ Ўзбекистон Республикаси парламенти икки палатали бўлишига розимисиз?»
  2. «Сиз Ўзбекистон Республикаси президентининг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йил қилиб ўзгартиришга розимисиз?»

Сайловчиларнинг 90 фоиздан ортиғи бунга розилигини билдиради. МСК референдум натижаларини қонуний деб тан олади ва Ўзбекистон Конституциясига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Ўзбекистон тарихидаги учинчи президентлик сайлови 2007 йил 23 декабрь куни бўлиб ўтди. Сайловда 16,3 миллионга яқин сайловчиларнинг 14,7 миллиондан ортиғи, яъни 90,6 фоизи қатнашган.

Ушбу сайловда илк бор «Адолат» социал-демократик партиясидан аёл киши - Дилором Тошмуҳаммедованинг номзоди кўрсатилади. Шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Халқ-демократик партиясидан Аслиддин Рустамов, сайловчилар ташаббускор гуруҳидан Акмал Саидов – жами 4 нафар номзод сайловда қатнашади. Сайлов натижаларига кўра, ЎзЛиДеп номзоди Ислом Каримов 13 миллиондан ортиқ (88,1 фоизи) сайловчиларнинг овозини олиб, ғолиб бўлган.

МСК «Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига сайланди, деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилган.

Мамлакат тарихидаги тўртинчи президентлик сайлови 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, ушбу сайловда рўйхатга киритилган 20,7 миллион сайловчиларнинг 18,9 миллион нафари (91,08 фоизи) қатнашган.

Сайловда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Акмал Саидов, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Умаров номзодлари кўрсатилган. Ушбу сайловда ҳам 17,1 миллион нафар (90 фоиздан ортиқ) овоз олган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Ислом Каримов ғалаба қозонган.

Орадан 1 йил-у 5 ой ўтгач, 2016 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди.

Шундан сўнг, Конституциянинг 96-моддасига мувофиқ, амалдаги президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раиси - Ниғматилла Йўлдошевнинг зиммасига юклатилган.

Лекин, орадан 6 кун ўтиб, 8 сентябрь куни Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис палаталари қўшма йиғилишида сўзга чиқиб, давлат раҳбари бўлиш учун салоҳияти етмаслигини билдирди ва президент вазифа ва ваколатларини ўзининг зиммасига юкламасликларини сўради. Шунингдек, Йўлдошев амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини инобатга олган ҳолда, президент вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлигини таклиф қилган.

Шу куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

Шундан сўнг, Конституцияга кўра, уч ой муддат ичида – 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон тарихидаги бешинчи президентлик сайлови бўлиб ўтди.

Ушбу сайловларда Миллий тикланиш партиясидан Сарвар Отамуротов, ЎзЛиДепдан, Шавкат Мирзиёев, «Адолат» партиясидан Наримон Умаров, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов номзодлари қўйилди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш жараёнида рўйхатга киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари (87,73 фоизи) иштирок этди.

Сайлов натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёевни сайловчиларнинг 15 миллион 900 мингдан ортиғи, яъни 88,61 фоизи ёқлаб овоз берди. Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сайлов қонунчилигидаги ислоҳотлар

2019 йил 25 июнь куни сайловларга доир яна бир ўзгариш бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси қабул қилинди.

Ушбу кодекс билан тарқоқ ҳолдаги 5та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномалари ўз кучини йўқотди.

Шунингдек, 2021 йилда Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун билан президент сайловлари бўлиб ўтадиган кун декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилди.

Ўзбекистон президентининг мавқейи ва сайланиш тартиби

Конституцияга кўра, Ўзбекистонда президентнинг шахси дахлсиздир, у давлат бошлиғи, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони ҳисобланади ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

Шунингдек, Бош қомуснинг 90-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши белгиланган. Айни бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмас.

Сайлов кодексига кўра, қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар ҳамда диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари – сайловчилар ҳисобланади.

Президент Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади. Конституцияда Ўзбекистон президентининг 25 тоифадаги ваколат ва вазифалари саналган. Ваколати тугаб истеъфога чиққан президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллайди.

Сайловолди кампаниясига 23 июль куни старт берилган мамлакат тарихидаги олтинчи президентлик сайлови жорий йил 24 октябрида бўлиб ўтади.

Ҳозирга қадар бешта партия ўз номзодларини тақдим қилди ва имзо йиғиш жараёнлари бошланди. Миллий тикланиш партиясидан Алишер Қодиров, ЎзЛиДепдан Шавкат Мирзиёев, ХДПдан Мақсуда Ворисова, «Адолат» партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Экология партиясидан Нарзулла Обломуродов номзодлари илгари сурилган.

Мавзуга оид