11:09 / 08.09.2021
31244

Чирчиқдаги хароба бино миш-миш ортидан машҳур бўлиб кетди

Чирчиқ шаҳридаги собиқ меҳмонхона ва техникум биноси 85 йил олдин қурилган. Бино бузилиши ҳақида хабар тарқалгач, унинг ўзига хос меъморий қиёфаси ва айни пайтда хароба аҳволдалиги интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди. Kun.uz мухбири Чирчиқда бўлиб, масалага ойдинлик киритди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги собиқ Cаноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биноси бузилиши ҳақида хабар тарқалди ва бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Фойдаланувчилар объектни собиқ “Чирчиқсой” ёки “Чирчикстрой” меҳмонхонаси деб аташмоқда.

Маълум бўлишича, Чирчиқ шаҳар Заковат кўчасида жойлашган ушбу бино ҳозирда ҳужжатларда “собиқ техникум бино ва иншооти” деб юритилади. Мажмуанинг умумий ер майдони бир ярим гектардан ортиқ. Объект 1935-1936 йилларда қурилган.

 

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Қодировнинг айтишича, бино тарихий обида саналади ва унинг бузилиши ҳақидаги хабар – фейк.

“Объектнинг бузилиши ёки қайта қурилиши бўйича ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган. Президентнинг 29 апрелдаги қарорида бино Бокс федерациясига берилиши айтилган. Улар объектни таъмирлаб, республика миқёсидаги профессионал боксчиларни етиштириб чиқарадиган катта бокс мактаби очишлари мўлжалланган.

Фахриддин Қодиров

Ҳали ҳужжатлаштириш ишлари давом этмоқда ва улар бинони ўзларининг ҳисобига расмий ўтказиб, иш бошлаганлари йўқ. Объект ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги балансида туради. Ҳокимлик уни ҳеч кимга сотгани ёки тақдим қилгани ҳам йўқ”, – деди ҳокимлик вакили.

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-экспертлар кенгаши аъзоси Акмал Ўлмасовнинг айтишича, бино ноёб меъморий услуб ва бадиий-эстетик жиҳатдан ўзига хос. Шу билан бирга, у тарихий аҳамиятга эга. Мутахассис тавсиясига кўра, бинонинг ташқи ва ички фасадини реставрация қилиш ва уни галереяга айлантириш орқали маданий мерос объекти рўйхатига киритиш мумкин.

Бино жойлашган ҳудуд – “Ҳамза” МФЙ раиси Баҳодир Ғаниев объектнинг тарихи ҳақида билганларини сўзлаб берди.

Баҳодир Ғаниев

“Бу бино олдинги даврда техникум бўлганини биламан. Кўп одамлар ўқир эди. Бобом ҳам ўша ерда ўқиганлар. Кейин коллеж бошқа бинога кўчиб ўтди ва бу объект қаровсиз қолиб кетди. Ҳозирда аҳволи яхши эмас. Кўп нарсалари ўғирлаб кетилган. Ҳар доим ободонлаштириш ишлари бажариб турилади. Лекин бузилади, деган гап йўқ.

Агар бино таъмирланиб чиройли ҳолатга келтирилса, албатта, атрофидаги одамлар хурсанд бўлишади. Бу бино бир пайтлар маҳалланинг кўрки бўлган. Бундай ноёб тарихий объектлар кам”, – дейди маҳалла раиси.

Маълум бўлишича, бино 2015 йил 4 июнда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Унинг келгуси тақдири ҳақида ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин.

Top