Ўзбекистон | 12:28 / 08.09.2021
10949
7 дақиқада ўқилади

Жамоат транспорти ислоҳотларга муҳтож. Муаммолар тизимли ҳал қилинадими?

Жамоат транспорти тубдан ислоҳ қилиниб, уларнинг қулайлигини ошириш ва уларда ҳаракатланиш машинада манзилга етиб боришдан тезроқ ва афзалроқ бўлмас экан, кўчадаги тирбандликлар йилдан йилга ортаверади.

Кундалик ҳаётимизда жамоат транспортининг алоҳида аҳамияти ва ўрни мавжуд. Аммо автомобиллар сонининг йил сайин ошиб бориши, йўл ҳаракатини назорат қилишдаги камчиликлар сабаб транспорт воситаларининг тирбандлиги йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, ўқув йили бошланиши ва кўплаб талабалар пойтахтга келиши натижасида бу муаммо нақадар долзарб ва унга жиддий эътибор қаратиш кераклигига яна бир марта амин бўлдик.

Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмаган. Бу эса ўз навбатида шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммолар йиғилиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Баъзи ривожланган давлатларда йўлнинг ўнг чети автобус ҳайдовчилари учун ажратилган бўлиб, бу йўлда тўхташ, тўсиб қўйиш қонун билан тақиқланади. Фавқулодда вазиятдан ташқари бошқа машиналар автобус йўлига тўхтаб унга халақит беришса, катта миқдорда жаримага тортилади. Бир тасмали йўлларда эса автобусни қувиб ўтиш тақиқланган. Ўзбекистонда эса кўпчилик марказий йўллар ҳам автобус учун алоҳида йўлак қилиш даражасидаги талабга жавоб бермайди. Бир тасмали йўлларга бундай талабнинг жорий қилинишига эса кўпчилик ҳайдовчилар асло тоқат қила олмаса ҳам керак.

Охирги 10 йилда биргина пойтахт Тошкент шаҳрида автомобиллар сони 2 баравардан зиёдроққа ошган. Машина кўпайган сари тирбандликлар ортади. Шаҳарда ҳаракат қилиш секинлашади ва бир қанча жиддий муаммоларни юзага келтиради.

Соҳани ислоҳ қилиш борасида давлат раҳбари томонидан ҳам бир нечта алоҳида топшириқлар берилганди. Хусусан, Юнусобод туманидаги метрополитен қурилиш ишлари билан танишиш жараёнида Шавкат Мирзиёев бекатларда йўловчилар тўпланишини ва ҳаракатини мониторинг қилиш, таҳлиллар асосида йўналишларни оптималлаштириш, йўловчиларни кўпайтириш ҳисобидан йўл ҳақини арзонлаштириш масалаларига тўхталиб ўтган.

Шунингдек, президент Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида транспорт боғламаси қуриш лойиҳаси билан танишиш жараёнида шаҳар жамоат транспортида тўла қулайлик таъминланмаганини таъкидлаб ўтган. «Одамларнинг норозилиги шундан. Мана, қанча уйлар қуриляпти, шаҳар ривожланяпти, яна ривожланади. Шуларни инобатга олиб, шаҳар жамоат транспортини аҳолига қулай, арзон, хавфсиз қилиб беришимиз керак», деганди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, жамоат транспорти тизимида янги бошқарув услубини жорий этиш, метрополитен, автосаройлар ва йўналишли такси корхоналарини бир-бирига боғлаш, ахборот технологиялари асосида уларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш кераклигига алоҳида урғу берилган.

Аммо бу борада шунча топшириқлар берилган бўлса-да, ижрони таъминлашда жиддий муаммолар борлигини кузатиш мумкин.

Кўпчилик жамоатчилик фаоллари ҳам бу масалага ўта жиддий эътибор бериб, муаммони ҳал қилиш кераклиги ҳақида фикр билдиришмоқда.

Telegram'да Davletovuz канали муаллифи ҳам бу борада ўз фикрларини билдирган.

«Жамоат транспортининг эгаси шаҳарликлар, шаҳар депутатлари ва шаҳар ҳокимлиги бўлиши керак. Тошкентга “генплан” керак, Тошкент жамоат транспортига стратегия керак. Ҳафтада ҳечқурса бир кун жамоат транспортида юрмайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам буни тушунмайди. Тўлиқ тонировка қилинган, совиткичи тўхтовсиз ишлайдиган машинада юрадиган, муздеккина кабинетидан, муздеккина машинасидан қарайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам ташқаридаги вазиятни бошқача кўради. Жамоат транспортини ривожлантириш учун эса велосипедни қайта кашф қилиш керак эмас. Юзлаб шаҳарлар аллақачон муваффақиятли амалиётга, тажрибага эга. Бунинг учун озгина сиёсий хоҳиш, ақлли режалаштириш бўлса, бас», дея таъкидлайди канал муаллифи.

Bakiroo канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам бу муаммога эътибор қаратди.

«Менинг бир гипотезам бор. Бу гипотезага кўра ўзбек чиновниклари, улар каттами ё кичикми, токи муаммо уларга фойда келтиришда давом этар экан, уларнинг ўзига зиён етказишни бошламагунича муаммони ечиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. У маънода пойтахтда ва йирик шаҳарларда жамоат транспорти, жамоат макони, экология, мактаб ва умуман ижтимоий неъматлар сифати билан боғлиқ муаммолар ечим топишига мен унча ишонмайман. Чунки бу муаммолар ўзбек чиновникларига ҳали-бери зиён келтираётгани йўқ. Чунки улар маҳаллий аҳоли билан ижтимоийлашмаган. Улар автобусда ёки пиёда юрмайди. Уларнинг болалари халқнинг мактаби ёки поликлиникасига бормайди. Уларга экология ва яшиллик керак эмас», дейди иқтисодчи.

Хўш, бу муаммони ҳал қилиш учун нима қилиш керак. Метронинг вақтини қисқартириш, автобуслар сонини кўпайтириш билан бу нарсаларни ҳал қилиш имконсиз. Пойтахт ва марказий катта шаҳарларга вилоятлар ва ҳудудлардан ҳар куни ўн минглаб автомашиналар кириб келади. Катта шаҳарларга кираверишда бепул автотураргоҳлар ташкил этилиб, транзит тизимига ўтилса, шаҳардаги тирбандликлар бир қанча камаяди. Бунинг учун, аввало, шаҳарда жамоат транспортини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг қулайлигини ошириш ва уларда ҳаракатланиш машинада манзилга етиб боришдан тезроқ ва афзалроқ бўлиши керак.

Шу билан бир қаторда жамоат транспортининг сони кўпайтирилиши ва вақти қисқартирилиши натижасида улар зарар билан ишлай бошлаши эҳтимоли ошади. Шу сабаб ҳукумат доимий равишда уларни қўллаб-қувватлаши зарур.

Айни пайтда Тошкентда автобус ёки метрода ҳаракатланиш жуда қийин. Одам сони ҳаддан зиёд кўплиги сабаб, айниқса, қиз болалар, аёл кишилар ва ёш болали аёлларга жуда ноқулай. Жамоат транспорти тубдан ислоҳ қилиниб, уларнинг ҳаракатланиш тезлиги ва қулайликлари оширилмас экан, одамларда автомобилда ҳаракатланишга бўлган талаб йилдан йилга ошаверади. Бу эса “Ўзавтомоторс” каби монопол ташкилотларга миллионлаб доллар фойда олишлари учун замин яратади.

Пойтахт бекатларида автобусларнинг ҳаракатланиш схемаси ва графиклари каби маълумотлар қўйилган бўлса-да, вилоятларда бундай эмас. Асосий жамоат транспорти автобуслар ҳисобланган вилоятларда бу бир қанча тушунмовчиликлар ва ноқулайликларни юзага келтирмоқда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид