Ўзбекистон | 07:30 / 08.09.2021
13798
2 дақиқада ўқилади

Қора меҳнатдан ҳалол ризқ топаётган боғдодлик кўмирчилар

Kun.uz халқнинг ўз орасида яшаётган чинакам қаҳрамонлари билан таништиришда давом этади. Бугунги қаҳрамонларимиз кўмирчилик қилишади. Ҳа, газ ёқиш бахти ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган юртимизда кўмирчи ёки ўтинчилик одатий касбга айланган. Бу галги қаҳрамонларимиз қозонларини қора меҳнат ортидан қайтанишади. Чинакам қора, лекин ҳалол меҳнат ортидан.

Фарғона вилояти Боғдод туманига Риштон тумани орқали кираверишда йўлнинг икки тарафида кўмир қоплаётган ишчиларга кўзингиз тушади. Кўмир сотиладиган бу жой ҳар доим одамлар билан гавжум. Кимдир харид қилиш учун келган, кимдир машинага ортган, яна кимлардир эса кўмирни элакдан ўтказиб қопларга жойлаган.

Бу ерда аёллар ҳам ишлайди. Улар кўмир кукунидан ўзини ҳимоя қилиб эгнидан тортиб юзларигача ўраниб олишади. Кўз ҳимояси учун кўзойнаккача тақилади. Аёллар кўмирнинг катта-кичигига қараб саралаб, қопларга солишади. Кўмир сотиладиган бу масканнинг ишчилардан бирини суҳбатга чорладик. У бизга кунлик юмушлари ҳақида сўзлаб берди:

Сардор Раҳимов

«Эрталаб соат 06:00 дан кеч соат 19:30 ларгача ишлаймиз. Ишимиз кўмир юклашдан иборат. Худога шукур, икки маҳал иссиқ овқатимиз бор. Бир кунда 100 минг сўм топамиз. Бу бир ойда 3 миллионга айланади.

4 нафар аёл, 4 нафар эркак – жами 8 киши ишлаймиз. Ҳамма нарса етарли, ишхонада шароит яратиб берилган. Иш тугагач, ювиниб тозаланиб уйга қайтамиз. Ювиниш учун душлар бор. Халққа хизмат қилаётганимдан хурсандман», дейди кўмир юкловчи Сардор Раҳимов.

Сардорбек билан суҳбатлашгандан сўнг кўмир саралаётган аёллар билан суҳбат қурмоқчи бўлдик. Лекин улар суҳбатлашишга ийманишди.

Ишчиларининг айтишига қараганда, айни пайтда 1 кг бутун кўмир 800 сўм, увоқ кўмирлар эса 400 сўмдан сотилмоқда. Майда кўмир харидорлари асосан новвойлар экан.

Бу ерда эркаг-у аёл бир хил юмуш бажаради. Аёллар эркаклар билан тенгма-тенг ишлаяпти. Қиш яқин. Ҳадемай кўмирхона бугунгидан кўра анча гавжум бўлиб қолса керак...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид