Жамият | 11:22 / 01.06.2024
22792
3 дақиқада ўқилади

Шароф Рашидовнинг асл суратларидан тарихий тангаларгача бор – пайвандчи коллекционер   

Боғдодлик Мирзаолим Турсунов асли пайвандчи уста. Эрмитаж музейи яқинида ҳарбий хизматни ўтаган уста ўша даврларданоқ тарихий бумлар тўплашга қизиқа бошлаган. Ҳозирда унинг шахсий коллекциясида бир музейникидан кам бўлмаган турли тарихий буюмлар тўпланган. 

Боғдод туманида яшовчи Мирзаолим Турсунов ҳунари ортидан элда ҳурмат топганлардан: у узоқ йиллардан бери пайвандчилик қилиб, рўзғор тебратиб келади. Қолаверса, уста тарихий буюмлар тўплашга ҳам қизиқади. Унинг шахсий коллекциясида бир музейникидан кам бўлмаган турли тарихий буюмлар йиғилган.

 “Эришганларимнинг барчаси пайвандчиликдан. Касбимдан, қилаётган ишимдан завқ оламан. Меҳнатдан қочиш йўқ, элнинг хизматини қилиб келяпман. Ҳунар ортидан иморатлар кўтардим, тўйлар қилдим.

Оиламнинг тинчлиги, соғлиғи, юрт тинчлиги мен учун бахт. 3 фарзандим бор, улар билан фахрланаман. Катта ўғлим доим мен билан, шогирдим. Кичик ўғлим эса Тошкентда, Туризм қўмитасида ишлайди. Қизим турмушга чиққан, инглиз тили йўналишида ўқийди. Ишдан чарчаб келганимда йиғиб қўйган миллий чолғу асбобларини чалиб, маданий ҳордиқ оламан”, дейди уста.

Уста Эрмитаж музейи яқинида ҳарбий хизмат ўтагани сабаб коллекция йиғишга қизиқиб қолгани, Фарғона давлат университетининг тарих факултетига имтиҳон топшириб кира олмагани ҳақида сўзлаб берди.

“Коллекцияни 1990 йилдан йиғишни бошлаганман. Тарих фанига қизиқаман. Лекин тарих факултетига ўқишга кира олмадим. Хизматга кетдим, Эрмитаж музейига яқин жойда эди ҳарбий бўлимимиз. Музейга кириб, экспонатларни кўриб, соҳага қизиқиб қолдим.

Хизматдан келгач, тангалар, қоғоз пул, турли буюмлар йиға бошладим. Асосан тангалар, мискарлик, кандакорлик, заргарлик маҳсулотлари, китоблар бор. Турли эски давр суратлари – Шароф Рашидов, Мамадали Топволдиев, Усмонхўжаевларнинг асл суратларини ҳам сақлайман.  

Ертўладаги экспонатлар 34 йилдан буён йиғиляпти. Турли жойлардан сотиб олиб келганман. Буюмларим бошқалар учун арзимас нарсадир, лекин мен учун жуда қимматли. Тарих булар», дейди у.

Мирзаолим Турсуновнинг қўшимча қилишича, коллекция йиғиш у учун ҳаёт мазмунига айланган. Яқинда музей очишни ҳам ният қилмоқда. Ҳозирда унинг коллекциясида 3 мингга яқин экспонат бор. 

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид