Жаҳон | 09:27 / 09.09.2021
13052
2 дақиқада ўқилади

Эронни ШҲТга қабул қилиш жараёни бошланади

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг 16-17 сентябрда Тожикистонда ўтадиган юбилей саммитида Эронни ташкилотга 9-аъзо сифатида қабул қилиш жараёни бошланиши эълон қилинади. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар берди.

Айни вақтда халқаро ташкилотга 8та давлат аъзо ҳисобланади, булар: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Тожикистон, Ҳиндистон ва Покистон.

Душанбеда ўтадиган саммит 20 йил аввал ташкил этилган ташкилот учун юбилей саммит бўлади.    

“Теҳронни ШҲТга қабул қилиш жараёни муайян вақт олиши мумкин. Ҳиндистон ва Покистонда бунинг учун 2 йил вақт кетган. Бироқ Эронни ташкилотга қабул қилиш жараёни бошланишининг ўзи катта илгарилаш ҳисобланади, чунки Эрон ташкилотга аъзо бўлишни 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери кутмоқда”, деб айтилган хабарда.

Теҳрон ШҲТда кузатувчи давлат мақомини 2005 йилда олган, 2008 йилда эса унга тўлақонли аъзо бўлишга ариза берган. Бироқ 2015 йилгача Эрон унга нисбатан амал қилган халқаро санкциялар сабабли ташкилотга қабул қилинмаган. ШҲТ қоидаларига кўра, ташкилотга БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари остида бўлган давлатлар аъзо бўла олмайди. 2015 йилда Эрон ўз ядровий дастурини чеклашга рози бўлгач, унга нисбатан амал қилган санкцияларнинг бекор қилиниши ҳам унинг ШҲТга аъзо бўлиши учун эшикларни очмаган. Бунга эса Теҳрон аризасининг Тожикистон томонидан тўсилиши сабаб бўлган. Гап шундаки, Душанбе Теҳронни Тожикистон ислом тикланиш партиясини қўллаб-қувватлашда айблаган. Бироқ бир муддат аввал ушбу низони ҳал қилишга эришилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид