АҚШ Афғонистонда “Ал-Қоида” террорчи гуруҳини йўқ қилгандан кейин ҳам у ерда қолиб, мамлакатни бирлаштириш учун беҳуда уринган. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Шанксвилл шаҳрига ташрифи вақтида журналистларга айтиб ўтди.
Оқ уй раҳбари Шанксвиллга 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар қурбонлари хотирасини ёд этгани келган.
“Ал-Қоида” қайтиши мумкинми? Ҳа. Чунки у энди бошқа ерларда ҳам бор. Нима, энди биз “Ал-Қоида” бор бўлган ҳамма ерга бостириб кириб, у ерда қўшин қолдиришимиз керакми? Йўқ”, деб айтган Байден.
АҚШ президенти Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш қарорига изоҳ бериб, Вашингтон Афғонистондаги кампания вақтида жиддий сарф-харажатларни амалга оширганини айтган.
“Агар биз Бин Лодинни, “Ал-Қоида”ни йўқ қилганимиздан кейин бу мамлакатни бирлаштириш учун 20 йил давомида кунига 300 млн доллардан сарфлашимизни аввалроқ тушунганимизда, эҳтимол эртароқ ниманидир ўзгартирган бўлардик”, деб таъкидлаб ўтган Оқ уй раҳбари.
У америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондан олиб чиқилишини АҚШ аҳолисининг катта қисми қўллаб-қувватлашини айтган.
Шу билан бирга, Байден америкаликлар АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқилиши бориши жараёнидан норози бўлганларини тан олган. Бироқ у “АҚШ бошқа бир давлатдан ўз тарафдорларини олиб чиққанида” ҳам Афғонистондаги каби вазият такрорланган бўлиши мумкинлигини айтган.