Ўзбекистон | 19:14 / 16.09.2021
10634
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси қуриш учун инвесторлар аниқланди

Ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,5695 центга тенг тарифни таклиф қилган «АCWА Power»(Саудия Арабистони) компанияси шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб эълон қилинди.

16 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Қорақалпоғистон Республикасида 100 мВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Тендерда иштирок этишга 70 га яқин хорижий компания қизиқиш билдирган. Якуний босқичда Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy company PJSC» (Masdar) компанияси, «АCWА Power» (Саудия Арабистони) ва «Voltalia» (Франция) компаниялари рақобатлашган.

Ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,5695 центга тенг тарифни таклиф қилган «АCWА Power» (Саудия Арабистони) компанияси шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб эълон қилинган.

Ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,6550 центга тенг тарифи билан «Masdar» (БАА) компанияси ушбу тендернинг захира ғолиби деб топилган.

Инвестициявий мажбуриятларга мувофиқ, шамол электр станцияси 2023 йилнинг ўрталарига келиб ишга туширилади. Электр станциясининг ишга туширилиши йилига 400 миллион кВт/с экологик тоза электр энергия ишлаб чиқаришни таъминлайди. ШЭС Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузоқ ва Беруний туманлари ҳудудида жойлашади. Лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 140 млн долларга баҳоланмоқда.

Лойиҳа 110 мингга яқин хонадонга электр энергия етказиб бериши, атмосферага чиқариладиган углерод чиқиндиларини йилига 157 минг тоннага камайтириши ва қурилиш даврида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга имкон бериши таъкидланмоқда.

Маълумот учун, жорий йил январь ойида «АCWА Power» компанияси билан инвестиция шартномаси имзоланган, унга кўра, компания Бухоро вилоятида иккита шамол электр станциясини қуриши кутилмоқда.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Кармана туманида замонавий қуёш фотоэлектр станцияси (Ўзбекистондаги илк хусусий электр станцияси) ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда 2025 йилгача Ўзбекистонда камида 50 фоиз электр энергияни хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар яратиб берилишини маьлум қилганди.

Мавзуга оид