18:34 / 07.10.2021
8693

NASA астероидга зарба беришни режалаштирмоқда – ОАВ

АҚШнинг NASA коинот агентлиги Ер учун хавфли астероидлардан бирининг йўналишини ўзгартириш учун у томон зонд юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Washington Post нашри маълум қилди.

Фото: Pixabay

Таъкидланишича, агентлик мутахассислари шу тариқа Ерни бундай хавфли жисмлар тўқнашувидан ҳимоялаш тизимини илк бор синовдан ўтказишади.  

Бу мақсадда 24 ноябрда SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетасини DART (Double Asteroid Redirection Test – Қўш астероид орбитасини ўзгартириш бўйича тажриба) зонди билан бирга АҚШ коинот кучларининг Калифорниядаги Ванденберг базасидан учириш кўзда тутилган. 

DART парвоздан бир йил ўтиб иккита само жисмидан ташкил топган Дидим-Диморф қўш астероидига етиб бориши ва само жисмларидан кичиги – Диморфга 25 минг км/соат тезликда бориб урилиши режалаштирилган. Тўқнашув натижасида само жисмининг орбитаси “фоизнинг бир неча улушига” оғиши кутилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Дидим-Диморф вақти-вақти билан Ерга яқинлашиб туради, бироқ ҳозирча унга хавф солмаяпти.

Аввалроқ астрономлар диаметри 500 метрлик Бенну астероидини Ер учун энг хавфли само жисми деб баҳолашган. Унинг сайёрамиз билан тўқнашиши эҳтимоли 2700 тадан биттани ташкил қилади ва бу 2182 йил сентябрда юз бериши мумкин.

Top