Ўзбекистон | 13:08 / 16.10.2021
4235
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида туристик зоналар қуришга 1 млрд доллар жалб этилади

Тошкент вилоятида туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

Фото: Paul Yeung / Bloomberg

“Вилоятда туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича алоҳида дастурни амалга оширамиз. Авваламбор, Амирсой ва Чимён туристик мажмуаларида, Чорвоқ сув омбори ва “Тошкент денгизи” атрофида, Оҳангарон, Ангрендаги тоғли ҳудудларда қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканлари барпо этилишига 1 миллиард доллар инвестициялар жалб этилиб, 80 минг иш ўринлари яратилади. 

Паркент туманини туризм марказига айлантириш мақсадида, “Янги Ўзбекистон” боғидан Паркентнинг сўлим гўшаларига элтувчи, 30 километр узунликдаги янги магистрал йўл қурилади, Тошкент шаҳридан Паркентга тезюрар автобуслар қатнови ташкил этилади, туман инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилади, туманда туризм учун махсус солиқ режими жорий қилинади. 

Бунда, тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлайди, йўл бўйларида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилиб, камида 3 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Бунинг учун, 200 миллиард сўм кредитлар ажратилади. 1 фоиз нима дегани? Бу пулдан давлатга ҳеч қанақа фойда йўқ, шунчаки ҳисоб-китоб учун бу. Лекин мақсад нима, тадбиркорлик қил, оилангни боқ, халққа фойданг тегсин. Керак бўлса, шу 1 фоизни ҳам олиб ташлаймиз. 25 йил бу тизимга эътибор бермадик.

Ангрен, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангаронда камида 100 гектардан қир-адир ерлари дам олиш масканлари, дала ҳовлилари ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун очиқ аукционга чиқарилади. Оҳангарондаги “Эртош-сой” ва “Овжаз-сой” қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилиб, инфратузилма билан тўлиқ таъминланади.

Вилоятнинг хизматлар соҳасида тўлиқ ишга солинмаган яна бир йўналиши ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда, Тошкент шаҳрига кунига 130 минг тонна юклар катта ҳажмли машиналарда кириб чиқади. Бу пойтахт кўчаларида тирбандлик, йўллар сифати ва ҳавонинг тозалигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу вилоятда логистика хизматларини кенг йўлга қўйиш учун катта имконият. Шу боис, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Тошкент туманларида хусусий инвесторлар томонидан юкларни тақсимлайдиган 4 та йирик улгуржи савдо логистика марказлари қурилади.

200 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция ҳисобига Ўрта Чирчиқ туманидаги 150 гектар майдонда йирик саноат парки ва логистика маркази барпо этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва етказиб бериш учун 60 минг тонна қувватга эга 2 та йирик агрологистика мажмуаси қурилади. Булар орқали вилоятда ишлаб чиқариладиган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам кафолатланган бозор таъминланади.

Шунингдек, вилоят ҳудудидан ўтувчи барча халқаро автомобиль йўллари атрофида, хорижий лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, Йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш дастури амалга оширилади. Бу орқали келгуси беш йилда камида 3 мингта лойиҳа амалга оширилади. Энг муҳими, ушбу дастур доирасида ер майдонлари эмас, тайёр лойиҳалар очиқ аукционга чиқарилади.

Бошқа йўналишларда ҳам, Тожикистон билан чегарадош Бекобод туманида савдо зонаси, Қозоғистон билан чегарадош Чиноз туманида эркин саноат зонаси ва Қибрай туманида қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси зонаси ташкил этилади. Умуман, вилоятда хизматларнинг бошқа соҳаларида қиймати 7 триллион сўм бўлган лойиҳалар амалга оширилиб, 50 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид