23:00 / 18.10.2021
9739

Россия НАТОдаги доимий ваколатхонаси ишини тўхтатишга қарор қилди

Фото: Global Look Press

Россия 1 ноябрдан НАТОдаги доимий ваколатхонаси ишини тўхтатишга қарор қилди. Москванинг бу қарори НАТО Россия ваколатхонасининг 8 ходими аккредитациясини ортга чақиртириб олишга қарор қилгани билан боғланган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Шунингдек, НАТОнинг Москвадаги алоқа ҳарбий миссияси ва ахборот бюроси фаолияти тўхтатилади. 

Лавровнинг таъкидлашича, 6 октябрда НАТО котибияти алянс бош котиби Йенс Столтенберг Россия ваколатхонасининг 8 ходими аккредитациясини 1 ноябрдан чақиртириб олишга ҳамда ваколатхона ходимлари сонини 10 нафаргача қисқартиришга қарор қилганидан Москвани хабардор қилган.

“Бундай қадамга бирор тушунтириш берилмади. Ваҳоланки, бу қарор эълон қилинишидан бир неча кун олдин биз Столтенберг билан Нью-Йоркда учрашгандик. Ўшанда у Европада кескинликка йўл қўймаслик мақсадида НАТО Россия билан муносабатларни яхшилашдан манфаатдорлигини айтганди”, — деб таъкидлаб ўтган Лавров.

Унинг айтишича, Москва алянснинг бундай қароридан унча ҳам ажабланмаган, чунки Россия ваколатхонаси ходимлари сони бундан олдин ҳам икки марта – 2015 ва 2018 йилларда қисқартирилган.

Россия ташқи ишлар вазирининг айтишича, эндиликда НАТО Москва билан боғланиши учун Россиянинг Бельгиядаги элчисига мурожаат қилиши лозим бўлади. Унинг таъкидлашича, буларнинг барчаси НАТО ва Россия ўртасида ҳеч қандай тенг ҳуқуқли мулоқот йўқлиги, НАТОнинг биргаликда ишлашдан манфаатдор эмаслигини тасдиқлайди. “Шундай экан, унда биз ҳам ўзимизни НАТО билан яқин орада гўёки қандайдир ўзгаришлар бўлиши мумкиндек тутишимизга зарурат кўрмаяпмиз, чунки НАТО бундай ўзгаришлар имконсиз эканини айтиб бўлди”, деб таъкидлаган вазир.

Top