Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
887 мингдан зиёд сайловчи бу йил илк марта овоз беради
Эртага, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президент сайловида 887 686 нафар ўзбекистонлик илк марта сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади.
23 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган. Шулардан 9 миллион 459 минг 273 нафари ёки 48 фоизи эркаклар, 10 миллион 399 минг 854 нафари ёки 52 фоизи аёллар, 6 миллион 458 минг 283 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
30 ёшгача бўлган сайловчиларнинг 887 минг 686 нафари сайловда биринчи марта овоз беради. Хорижий давлатларда тузилган 54 та сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатига жами 299780 нафар сайловчи киритилди”, дея маълум қилган Зайниддин Низомхўжаев ўз чиқишида.
Аввалроқ МСК раиси бу йилги президент сайловида қатнашиш учун сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган фуқаролар сони 21,2 миллион нафарни ташкил қилишини айтганди.
Қонунчиликка кўра, сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари – сайловчилар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган аввалги президент сайловида рўйхатга киритилган 20,4 миллиондан ортиқ сайловчиларнинг 17,9 миллион нафари (87,73 фоизи) иштирок этган эди.
Сайлов натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёевни сайловчиларнинг 15 миллион 900 мингдан ортиғи, яъни 88,61 фоизи ёқлаб овоз берганди. Мирзиёевга рақиблик қилганлардан Сарвар Отамуратов 421055 та овоз (2,35 фоиз), Ҳотамжон Кетмонов 669187 та овоз (3,73 фоиз), Наримон Умаров 619972 та овоз (3,46 фоиз) олишга муваффақ бўлганди.