20:57 / 23.10.2021
9755

«Газпром» Молдовага газ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди

Аввалроқ Молдовада газ етишмовчилиги туфайли энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди. 

Фото: ТАСС

Молдованинг газ учун қарзи 433 млн долларни ташкил этади, бу вазият учун Кишинёв айбдор деди Россиянинг «Газпром» компанияси вакили Сергей Куприянов.

Унинг қўшимча қилишича, муддати ўтган тўловларни қўшиб ҳисоблаганда қарз миқдори 709 млн долларга етади.

«Йиғилиб қолган қарзларга қарамасдан, Молдова томони газ етказиб бериш бўйича шартномани октябр ва ноябр учун узайтиришни сўрамоқда. «Газпром» октябр учун шартнома тузди, агар Молдова томони сентябр ва октябр учун пул тўласа, ноябр учун ҳам шартнома тузамиз», — деди Куприянов.

Аммо тўлов тўлиқ амалга оширилмаса ва янги шартнома муддатида имзоланмайдиган бўлса, «Газпром» Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади, деб қўшимча қилди у.

Куприяновнинг сўзларига кўра, «бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ» — «Газпром» зарарига ишлай олмайди.

Аввалроқ Молдовада газ етишмовчилиги туфайли энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.

Мамлакат бош вазири ўринбосарлари Андрей Спину ва Владислав Кульминский янги шартнома тузиш бўйича музокара олиб бориш учун Москвага келган.

Top