Ўзбекистон | 15:13 / 29.10.2021
4067
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 151 мингдан ортиқ бола Covid-19’га қарши эмланди

28 сентябрдан 4 октябрга қадар Ўзбекистонда 151 124 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди.

Фото: ТАСС

Жорий йилнинг 28 сентябридан бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, Ўзбекистонда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилди.

Расмий маълумотларга кўра, 4 октябрга қадар мамлакатда 12 ёшдан катта 151 мингдан ортиқ бола ушбу вакцина билан эмланган.

Болаларни коронавирусга қарши эмлашда Фарғона (37 395 доза), Андижон (22 502 доза) ва Наманган (21 837 доза) вилоятлари етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистонда 28 сентябрдан эътиборан 12 ёшдан катта болаларни Covid-19’га қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмлашга рухсат берилган. Бир ой ичида республикада 87 мингдан ортиқ 12 ёшдан катта болалар ота-оналари ва васийларининг розилиги асосида коронавирусга қарши эмланди.

Аввалроқ ССВ болалар ўртасида Covid-19’га чалиниш ҳолатлари ортиб бораётгани ва Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизилаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Бу шифохонага фақат Тошкент шаҳри ва вилоятидан келтирилган беморлар қабул қилинаётгани эътиборга олинса болалар орасида касалланиш ҳолатлари ошганини қайд этиш мумкин.

Айни вақтда АҚШда 8 минг нафар болалар коронавирусга чалиниш оқибатида вафот этган. Шу сабабдан Қўшма Штатларнинг FDA маслаҳат қўмитаси (Food and drug administration – Озиқ-овқат ва дори-дармон бошқармаси) Pfizer фармацевтика компаниясининг Covid-19 вакцинасини 5-11 ёшдаги болаларга ҳам қўллашга рухсат берган.

Мавзуга оид