Жамият | 14:12 / 31.10.2021
28075
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда афв амалиёти: Тақдирларни англатувчи рақамлар

Шавкат Мирзиёев даврида амнистия амалиёти амалда тўхтатилиб, афв этиш амалиётига ўтилди. 5 йил ичида 5180 нафар маҳкум афв этилди: бу нимани англатади ва афвнинг амнистиядан фарқи нимада?

Фото: Fotolia

2017 йилда рекорд миқдордаги шахс афв этилган

ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2016–2021 йилларда афв этиш тўғрисида 17 та президент фармони қабул қилинган. Ушбу фармонлар асосида афв этилганларнинг 2647 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган. Шундан 1227 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган бўлса, 990 нафари муддатидан илгари шартли озод этилган. 430 нафар шахснинг ўталмаган жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Шу билан бирга, 18 нафар шахс пробация хизмати назоратидан чиқарилган, шундан 11 нафари тўлиқ озод этилган, 1 нафари қўшимча жазодан озод этилган, 6 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.

Афв қилингани сабабли 2515 нафар шахснинг ўталмаган жазоси қисқартирилган, шундан 490 нафар маҳкумнинг жазоси тенг ярмига, 1420 нафариники учдан бирига, 605 нафар шахсга тайинланган жазо эса тўртдан бирига қисқарган.

Йиллар кесимида таҳлил қилинса, 2016 йилда 10 нафар, 2017 йилда 2700 нафар, 2018 йилда 623 нафар, 2019 йилда 776 нафар, 2020 йилда 616 нафар, 2021 йилда 455 нафар шахс афв этилган.

Фото: Kun.uz

Рақамлар ортидаги тақдирлар

Кимларгадир оддий статистик маълумот бўлиб туюладиган ушбу рақамлар ортида қанчадан қанча тақдирлар яширин. Шулардан бири 2007 йилдан 2020 йилгача қамоқда бўлган тошкентлик Сарвар Бобоназаровдир. У Kun.uz’га берган интервьюсида уйига 19 йилдан сўнг қайтганини айтган.

“Уйдан чиқиб кетганимга 19 йил бўлди! 19 йилдирки, уйимизни фақат тушимда кўрардим. 26 ёшимга қадар Тошкентдан ташқарига чиқмаганман. Москвада, Истанбулда бўлдим. 2007 йилда кимларнингдир йўриғига юриб, Покистонга йўл олдим. Хаёлимда борадиган жойларимни турлича тасаввур қилардим. Аммо чегарадаёқ қўлга тушдим ва Покистон қамоқларида 11 ой ётдим.

Покистонда 2,5х1,5 метрли таги тош, девори бетон хона, овқатлари шу қадар аччиқки, еб бўлмайди. Қишнинг совуғи туфайли соғлиғимни жуда тез йўқотдим. Соқчилар ниҳоятда шафқатсиз, қўлимдан осиб қўйишган, уч кунлаб ухлатмаган пайтлари бўлди. Инсон уйқусизлик азобини бошидан ўтказсагина биларкан.

2008 йил Ўзбекистонга экстрадиция қилиндим ва 9,5 йил Қаршидаги қамоқхонада бўлдим. Кейин манзил колонияга чиқарилдим. Ва ниҳоят, ёзган илтимосномаларим инобатга олинди ва афв қилиндим. Уйимни 19 йил деганда энди кўрдим. Оиламни йўқотдим, икки фарзандим ҳозир қаерда, билмайман. Бу орада аввал онам, кейин отам вафот этишди. Турли йўллар бошида турган ёшларга менинг ҳаётим сабоқ бўлсин. Биз қилган хатоларни сиз қилманг”, дея таъкидлайди 46 яшар Сарвар Бобоназаров.

Мурод Жалолов 2012 йили 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Президентнинг афв тўғрисидаги фармони билан 8 йиллик жазо муддатини ўтаганидан сўнг 2020 йили озодликка чиққан.

“Қамоққа равона бўлганимда ҳали уйланмагандим, аҳдлашган қизим бор эди. У мени унутмади. Йиллар ўтаверди, ёшимиз ҳам кетаверди. Манзил колониясига чиққанимда совчи юбордим. Қуда томон ҳам рози бўлишди. Озод бўлмай туриб уйландим хуллас...

Қизим туғилганида ҳам колонияда эдим. Озодликка чиқишим олдидан карантин бўлиб, қизимни 5 ой кўрмадим. Кўз олдимдан ўтганини тасвирлаб бера олмайман. Ҳаёт 8-9 йил ортга қайтиб, ўша хато остонасида турганимда умуман бу йўлга кирмаган бўлардим...

Қамалмасимдан олдин қурилишда ишлардим, уйларни таъмирлардим. Ҳозир ҳам шу ишни қилмоқчиман. Менга ишонган, кутган оиламнинг, ота-онамнинг юзини ерга қаратмасликка ҳаракат қиламан”, дейди бугун 32 ёшни қоралаган Мурод Жалолов.

Фото: Kun.uz

5180 кишининг салкам 1800 нафари...

Расмий маълумотларда келтирилишича, афв этилганларнинг 1791 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этишда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Салкам 1800 кишининг 819 нафари суд томонидан тайинланган жазодан тўлиқ озод этилган, 439 нафари муддатидан илгари шартли озод этилган. Шунингдек, 89 нафарининг ўталмаган жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, 444 нафарининг эса ўталмаган жазоси қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 396 нафари аёллар, 159 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклардир. Аёллардан 54 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, 90 нафари муддатидан илгари шартли озод этилган. Бундан ташқари, 41 нафар аёлнинг ўталмаган жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган бўлса, 211 нафарининг ўталмаган жазоси қисқартирилган. Эркакларнинг 54 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, 78 нафари муддатидан илгари шартли озод этилган, 27 нафарининг ўталмаган жазоси қисқартирилган.

2016 йилдан 2021 йилгача 213 нафар хорижлик афв этилган бўлиб, уларнинг 67 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, 52 нафари муддатидан илгари шартли озод этилган, 94 нафарининг ўталмаган жазоси қисқартирилган.

Сўнгги беш йил давомида афв этилганлардан 1807 нафарини 30 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил этади.

Биринчи президент даврида қанча киши афв этилгани маълум эмас

Ўзбекистонда афв этиш институти асослари мустақилликнинг аввалидаёқ яратилган. Биринчи президент Ислом Каримовнинг 1992 йил 17 июлдаги 440-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган, ушбу ҳужжатда афвни қўллаш тартиби, у кимларга нисбатан ва қандай шаклда қўлланиши баён этилган.

Ислом Каримов ҳокимияти даврида уч марта афв қўлланилган. Жумладан, 1993 йилда Конституциясининг бир йиллиги муносабати билан, 1994 йили Ўзбекистон мустақиллигининг уч йиллиги муносабати биринчи марта қамоққа ҳукм қилинган аёллар ва балоғатга етмаган шахслар оғир жиноят, шунингдек, уюшган жиноий гуруҳлар таркибида жиноят содир этмаган шахслар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этган жиноятлари учун 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган фуқаролар, бундан ташқари, 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган вояга етмаган, аёллар, ёши 60 дан ошган эркаклар ҳамда 1– ва 2-гуруҳ ногиронлари, биринчи марта атайлаб қилган жиноятлари учун 3 йилгача озодликдан маҳрум этилган ёки енгилроқ жазога ҳукм қилинганлар жазодан озод қилинган.

Шунингдек, биринчи марта қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва белгиланган жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтаган шахслар жазо муддатининг қолган қисмини ўташдан озод қилинган, белгиланган жазо муддатининг ярмисини ўтаган шахслар эса бадарға колониясига ўтказилган.

Ўта оғир жинояти учун озодликдан маҳрум этилган ашаддий жиноятчиларга, наркотик моддалар ва ўқотар қуроллар билан боғлиқ жинояти учун маҳкум этилганларга, уюшган жиноий гуруҳларнинг иштирокчиларига, шунингдек, жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиларга нисбатан афв қўлланилмаган.

Ислом Каримов даврида эълон қилинган учинчи афв 2016 йилда қўлланилган бўлиб, президент фармони асосида 10 киши кечирилган. Бироқ расмийларнинг айтишича, 1993 ва 1994 йилларда қўлланилган афв неча кишига татбиқ қилингани ҳақида статистик маълумот мавжуд эмас.

Афвнинг амнистиядан нима фарқи бор?

Ислом Каримов даврида афвдан кўра амнистия кўпроқ қўлланган. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан кейин амнистия амалиёти афв институтига алмаштирилди. Тўғри, Мирзиёев ҳам муваққат президент бўлган 2016 йилда 40 мингга яқин маҳбусга амнистия акти қўлланилган, бироқ 2017 йилдан бошлаб ушбу амалиётга бутунлай барҳам берилиб, президент йилда тўрт марта афв эълон қилмоқда.

Четдан қараганда бир хил тушунчадай кўринадиган амнистия ва афв аслида бир-биридан анча-мунча фарқ қилади. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ана шу тафовутларнинг 10 тасини санаб ўтган. Унга кўра, амнистия афвдан қуйидагиларга кўра фарқланади:

1. Қўлланадиган шахслар тоифаси бўйича;

2. Қўлланиладиган шахслар ҳолати бўйича;

3. Эълон қилувчи субъектлар бўйича;

4. Қўллаш масаласини бажарувчи шахслар бўйича;

5. Қўллаш тартиби бўйича;

6. Шахснинг хоҳиши бўйича;

7. Ҳуқуқий оқибатлари бўйича;

8. Шахсларнинг таъсири бўйича;

9. Шахсий омилларнинг аҳамияти бўйича;

10. Норматив ҳужжат мақоми бўйича.

Ушбу тафовутлар таҳлил қилинса, афв институти амнистия актига нисбатан анча фойдалироқ экани маълум бўлади. Биргина мисол, амнистия озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳи белгиланмайди, амнистия тўғрисидаги актда фақат жиноят турлари кўзда тутилади. Яъни амнистияга неча киши тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади.

Кимлар амнистияга “илиниши” шаффоф бўлмагани энг катта муаммолардан бири бўлган. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Kun.uz’га берган интервьюсида амнистия акти татбиқ этилувчи шахслар рўйхатини шакллантириш жараёнида таниш-билишчилик, коррупцияга йўл қўйганларни ватан хоинига тенглаштирганди.

Афвни қўллаш кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. Президент фармони асосида афв эълон қилиниши билан дарҳол ижрога қаратилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас. Амнистия актидан фарқли равишда кимларнинг озодликка чиқарилиши, жазо муддати қисқартирилиши, тайинланган жазо бошқа турдагисига ўзгартирилиши аниқ бўлади.

Фото: Kun.uz

1991 йилдан 2004 йилгача бўлган даврда амнистия актлари Президент фармони асосида қабул қилинган. 2005 йилдан мазкур ваколат Сенатга ўтказилган. 2008 йилдан бошлаб, амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни фақат судлар чиқариши белгилаб қўйилган.

Афвни қўллаш масаласини эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади.

Давлатнинг инсонпарварлик сиёсатидаги ўзгаришлар

Ислом Каримов даврида фақатгина Мустақиллик ёки Конституция куни муносабати билан амнистия акти чиқарилган бўлса, Шавкат Мирзиёев президентликка келгач бошқа муҳим саналарда ҳам афв эълон қилиш анъанасини киритди. Хусусан, Ўзбекистон тарихида илк марта Рамазон ҳайити (2018 йилдан) ҳамда Наврўз байрами (2019 йилдан) муносабати билан.

Афвга тушганлар орасида хорижий давлатларнинг фуқаролари, тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ҳам борлиги халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам эътироф этилган. Қолаверса, биринчи президент пайтида борлиги расман тан олинмаган ва табиийки амнистия қўлланмай келган диний ва сиёсий маҳкумлар Мирзиёев даврига келиб тан олинган ва афв этила бошланган.

Ўзбекистон тарихидаги энг машъум қамоқхона – Жаслиқ колониясида жазо муддатини ўтаган, Шавкат Мирзиёев даврида афв этилган Аъзам Фармонов Kun.uz’га берган интервьюсида Каримов даврида сиёсий ва диний маҳкумларга нисбатан амнистия акти қўлланмаслиги учун ҳар йили мустақиллик ва Конституция куни арафасида уларга янги қоидабузарликлар тиркаб қўйилганини айтганди.

Бундан ташқари, 2021 йилда президент томонидан ўз ихтиёрига кўра маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш тартиби белгиланди. Унга кўра, эндиликда давлат раҳбари маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид