Ўзбекистон | 11:19 / 02.11.2021
8181
2 дақиқада ўқилади

Фарғоналик вундеркинд: у ментал арифметикадан жаҳон чемпиони бўлган

Муҳаммадазиз Содиров Фарғона вилояти Риштон туманидаги 27-мактабнинг 5-синфида таҳсил олади. У 2018 йилда Москва шаҳрида ўтказилган «ALOHA ментал арифметика» халқаро мусобақасида 5–7 ёш тоифасида Тони Тотс босқичи бўйича чемпион бўлган.

«Ментал арифметикага 6 ёшимдан бери бораман. Илк марта бувим олиб борган. Ментал арифметикага борганимдан сўнг, бунга қизиқиб қолиб астойдил шуғулланганман. Мусобақаларга қатнашганман. Илк мусобақам Тошкентда бўлган. Унда 1-ўринни олиб келганман. Кейин Москвага йўлланма олганман. 2018 йилда Москвада бўлган мусобақага борганман. 39 давлат қатнашган мусобақада чемпион бўлиб келганман. Кейин Хитойда 43 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада 3-ўринни олганман.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ўз тенгдошларимга ментал арифметика билан шуғулланишни маслаҳат бераман. Чунки ментал арифметика арифметик мисолларни тез ечишга, фанларни ўзлаштиришга ёрдам беради. Ҳаттоки, чет тилини ўрганишда ҳам асқатади. Энг асосийси, у инсонни меҳнат қилишга ўргатади», — дейди ментал арифметика бўйича жаҳон чемпиони Муҳаммадазиз Содиров.

Фото: Kun.uz

Муҳаммадазизнинг отаси Акмалжон Охунов оддий таксичи. Орттирган маблағини фарзандларининг билим олишига сарфлайди. Муҳаммадазиз айни пайтда Испанияда бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўряпти.

Фото: Kun.uz

У ментал арифметикадан ташқари пианино тўгарагига боради. Ҳафтада бир кун бувиси Мадина Зуфарова билан Тошкентга бориб ментал арифметикадан дарс олиб келади.

Муҳаммадазиз расм чизишни ҳам хуш кўради. У дарс тайёрлаш режимига қатъий амал қилади. Муҳаммадазизнинг бўш вақти деярли йўқ.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид