Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Калькулятор бола”: 14 ёшли ҳиндистонлик математикадан бир кунда олтита рекорд ўрнатди
Бола 10 хонагача бўлган сонлар билан қисқа вақтда хаёлан мураккаб амалларни бажара олади.
“Калькулятор бола” деб аталаётган ҳиндистонлик 14 ёшли Аарян Шукла оғзаки ҳисоб-китобда ажойиб қобилиятини намойиш этиб, бир кунда олтита жаҳон рекордини янгилади. Бу ҳақда Гиннеснинг рекордлар китоби расмий веб-сайтида хабар берилди.
Махарашртралик вундеркинд ўзининг биринчи жаҳон рекордини бир йилча аввал ўрнатганди: у ўшанда 25,19 сония ичида 50 та беш хонали сонни хаёлида қўшиб чиқишга муваффақ бўлган.
Шундан кейин Аарян тинмай машқ қилиб келди. Гиннес рекордлар китоби вакиллари болани Дубайга таклиф этди, энди унинг ҳисобида яна олтита унвон мавжуд.
Бола 30,9 сонияда 100 та тўрт хонали сонни, 1 дақиқа 9,68 сонияда 200 та тўрт хонали сонни ва 18,71 сонияда 50 та беш хонали сонни миясида қўша олди. Аарян 20 хонали сонни ўн хонали сонга бўлиш учун 5 дақиқа 42 сония сарфлади. Ўсмир иккита беш хонали ва иккита саккиз хонали сонни хаёлан кўпайтириш учун эса мос равишда 51,69 сония ва 2 дақиқа 35,41 сония вақт сарфлади.
Аарян зеҳнини ўткир сақлаш учун кунига беш-олти соат математика билан шуғулланади. Шу билан бирга, бола миясида шундай ақл бовар қилмайдиган ҳисоб-китобларни қандай қилиб чақмоқ тезлигида” бажараётганини изоҳлаб беролмайди.
“Миямда нима бўлаётганини тушунтириб беролмайман. Мен буни табиий равишда қиляпман. Аслида, бу шунчалик тезки, ўйлашга ҳам улгурмайсиз, фақат ҳисоб-китоб қилишингиз керак бўлади”, — дейди у.
Ааряннинг отаси, оиласи ҳам боланинг математикага бўлган қобилияти қаердан келиб чиққанини тушунмаслигини айтади. Ота-она фақат Аарян машғулотлар пайтида чарчаб қолмаслиги ва стрессга тушмаслигини назорат қилмоқда.
Мактаб дарсларига қўшимча равишда кундалик машғулотлар кўп вақтни олишига қарамай, ўсмир дам олиш учун ҳам фурсат топади. Масалан, Аарян медитация қилишни, китоб ўқишни (айниқса саргузашт ва детектив жанрларини), видео ўйинлар ва крикет ўйнашни ҳамда саёҳат қилишни яхши кўради.