Солиҳ Қосимовнинг мактабга чиққанига ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ. Шундай бўлса-да у инглиз тилида эркин гаплашади, математика ва физика фанларидан юқори синф дарсликларидаги масалаларни бемалол еча олади, космос ҳамда атомлар ҳақида ўз тасаввурлари бор. Қизиғи, Солиҳ боғчага бормаган. Kun.uz мухбири ёш вундеркинд билан суҳбатлашди. Шунингдек, унинг отаси бола уй шароитида тил ва фанларни устозсиз қандай ўзлаштиргани, хонадондаги муҳит ҳақида гапириб ҳам берди.

Солиҳ Қосимов айни вақтда Тошкент шаҳридаги хусусий мактабнинг 1-синф ўқувчиси. Оилада тўнғич фарзанд. Отасининг айтишича, унинг қобилияти – туғма. Бола кичик ёшидан савол беришга қизиқиб, атрофдаги воқеаларни яхшироқ тушунишга интилган. Кўча-кўйда юрганда эса пештахталардаги ёзувларни ўқий бошлаган.

Солиҳ 2-3 ёшидан “нега?”, “қандай?” деган саволларни кўп берарди. Атрофдаги ҳар бир ҳодисани яхшироқ англашга ҳаракат қиларди. Кўчага онаси билан айлантиришга олиб чиққан пайтларимизда пештахталар, баннерлардаги ёзувларни ўқишга уринарди”, – дейди Тўланбой Қосимов.

Болакай ҳозирда инглиз тилида эркин гаплаша олади. У тилни мустақил тарзда, асосан, тинглаш ва мулоқот орқали ўрганган. Мултфилмлар, платформалардаги видеолар ёш вундеркиндга тилни табиий муҳитда ўзлаштириш имконини берган. Солиҳ грамматик қоидаларни ёдлаб эмас, амалда тушуниб гапира бошлаган.

Инглиз тилини мултфилмлар томоша қилиб ўргандим. Қоидаларни ёдламаганман. Қаҳрамонлар нима деяётганини илғашга ҳаракат қилардим. Баъзи сўзлар нотаниш бўлса, расмларга қараб билиб олардим”, – дейди Солиҳ.

Математика ва физика фанларига қизиқиш эса болакайда бироз кейинроқ пайдо бўлган. Дастлаб, оддий ҳисоб-китоблар билан бошланган машғулотлар вақт ўтиб мураккаб масалаларга уланган. Отасининг айтишича, болага ҳеч қачон “мажбурий дарс” ўтилмаган: у ўзи қизиққан саволига жавоб излаган, холос.

Биз унга алоҳида режа тузиб, дарслар ўтмадик, репититорга юбормадик. Солиҳ нимага қизиқса, ўша йўналишда материал топиб берардик. Масалан, бир куни сонлар ҳақида сўради, сўнг формулалар, кейин эса мураккаб масалаларга ўзидан ўзи қизиқиб кетди. YouTube платформасида хорижий профессорларнинг видеоларини томоша қилиб, мураккаб мисолларни ечишни бошлади. Ҳозир 12-синф дарсликларидаги айрим масалаларни бемалол ишлай олади”, – дейди Тўланбой Қосимов.