13:33 / 09.11.2021
61156

Марказий Осиёда энг қиммат бензин Ўзбекистонда сотилмоқда. Нима учун?

Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ. Бу ҳолатни масъул ташкилотлар бозордаги эркин талаб ва таклиф қонунияти натижасида шаклланган деб баҳолашмоқда. Иқтисодчининг фикрига кўра, бензин ва нефть маҳсулотлари импорти маълум шахслар томонидан монополлаштириб олинган ва улар бозорга ўз шартларини қўймоқда.

Фото: Global Look Press

Йил бошидан бери бензин энг кўп даражада қимматлашган ноозиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган ой давомида ушбу маҳсулот нархи 13,5 фоизга қимматлашган. Бу охирги икки йил давомидаги энг юқори ўсиш суръати ҳисобланади.

Шунингдек, бензин нархлари ўтган йил декабрига нисбатан 1,5 баробар ҳамда йиллик нисбатда 1,6 баробар ошган.

Ишлаб чиқариш ва импорт ҳажми камайдими?

Рақамлар шуни кўрсатадики, ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам, импорт ҳажми ҳам сезиларли миқдорда кўпайган. Хусусан, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 815 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда (2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 769,1 минг тонна) 46,1 минг тоннага кўпроқ.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга қиймати 104 млн долларга тенг бўлган 289 млн литр автомобил бензини импорт қилинган. Импорт миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 137 млн литрга ошган.

Қўшни мамлакатларда нархлар қандай?

Globalpetrolprices.com сайти маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолати бўйича юқори сифатли 1 литр бензин нархи Туркманистонда 4594 сўмни, Қозоғистонда 4931 сўмни, Россияда 7555 сўмни, Қирғизистонда 7811 сўмни, Афғонистонда 8946 сўмни, Туркияда 8979 сўмни ташкил этган. Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган. Ўзбекистонда эса 9796 сўм экани қайд этилган. Нархлар солиштирилганда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ.

Жорий йил бошидан бери Ўзбекистонга асосан Россия (140,5 млн литр), Туркманистон (126,8 млн литр) ва Қозоғистондан (16 млн литр) автомобил бензини импорт қилинган.

Биргина Туркманистон ёки Қозоғистондан импорт қилиш мисолида таҳлил қилинса, нархлар Ўзбекистонга нисбатан анча арзон.

Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, товарлар номенклатурасининг 2710 12 412 0 коди (ТИФ ТН код) билан таснифланувчи «АИ-90 маркали бензин» маҳсулотларини олиб кирганлик учун 0 фоиз миқдорида импорт божхона божи, тоннасига 275 000 сўм миқдорида (1 литрга тахминан 300 сўм атрофида) акциз солиғи ҳамда 15 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи ставкалари белгиланган. Барча солиқлар ва логистик харажатларни ҳисоблаганда ҳам импорт маҳсулотининг нархи жуда баланд.

Kun.uz боғланган иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, бензин ва нефть маҳсулотлари импорти маълум шахслар томонидан монополлаштириб олинган ва улар бозорга ўз шартларини қўйяпти.

Нархлар ошишини масъул давлат ташкилотлари қандай изоҳламоқда?

Энергетика вазирлиги Kun.uz’гa маълум қилишича, ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан (2017 йил 15 ноябрдан бошлаб АИ-92, АИ-93, АИ-95 ва АИ-98 маркали, 2019 йил 15 августдан бошлаб АИ-91 маркали, 2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали автомобил бензини) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган. Таъкидланишича, жорий қиммат нархлар бозордаги эркин талаб ва таклиф қонунияти натижасида шаклланган.

«Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда АИ-80 бензин йўқ ёки пешингача тугаб қолаётгани ҳақидаги эътирозлар ҳам кўпайди. Ушбу ҳолат компания ахборот хизмати томонидан қуйидагича изоҳланмоқда:

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «UNG Petro» корхонасига қарашли АЁҚШларда бензин нисбатан арзон нархда бўлгани (6000-6300) сабабли истеъмолчилар томонидан харид қилиб олиниши ҳажми аввалги ойларга қараганда сезиларли даражада ошган. Лекин тизимдаги бирон АЁҚШда бензин узилишига шу вақтга қадар йўл қўйилмади ва бу қаттиқ назоратга олинган. Агар шундай ҳолатга дуч келсангиз, истеъмолчилар қуйидаги телефон рақамига (71 200 01 24) мурожаат қилишлари мумкин».

Қўшимча қилинишича, бензинни сотишнинг бозор механизми жорий этилиши сабабли бензиннинг чакана нархи рақобат шароитида эркин шаклланиб, унга биржа савдолари орқали харид қилинган улгуржи нарх, АЁҚШнинг сотиш билан боғлиқ харажатлари ва фойдаси ҳамда амалдаги қонунчиликда кўрсатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар таъсир кўрсатиши натижасида шаклланган.

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилда жаҳон нефть бозорида нархларнинг ўсиш тенденцияси кузатилган. Brent маркали нефть нархи 2021 йил бошидан сентябргача бўлган даврда 55 фоизга (1 баррель нефть учун 51 доллардан 79 долларгача) ошган. Ушбу омил ҳам Ўзбекистонда бензин нархлари ошишига қисман таъсир кўрсатган.

Айтиш мумкинки, ҳозирда бензин нархи ошиши кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензин нархи 6200 сўмдан 7900 сўмгача, юқори октонли маҳсулот нархи эса айрим жойларда аллақачон 10 минг сўмдан ошиб кетди. Таққослаш учун, энг кам иш ҳақи Ўзбекистонга нисбатан бир неча ўн баробар юқори бўлган АҚШда айни пайтда сифатли бензин нархи 10500 сўмга тўғри келади.

Юқори бензин нархи иқтисодиёт учун жуда ҳам хатарли. Чунки бензин нархи ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди ва барча товар ва хизматлар баҳосига босим ўтказади.

Достон Аҳроров

Top