13:15 / 11.11.2021
7828

«Бу – ҳеч бир мантиққа тўғри келмас ҳаракат» — Интернет фаоллари ижтимоий тармоқлар блокланиши ҳақида нималар деди?

«Ўзкомназорат» томонидан Теlegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар маълум вақт давомида блокланиши бўйича ҳамон эътирозлар янграши давом этмоқда. Kun.uz жамоатчилик фаолларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

Фото: Kun.uz

3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Теlegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Оdnoklassniki каби ижтимоий тармоқлар икки соатдан ортиқроқ вақт давомида блокланди. Бу «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси доирасида Теlegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш шартларини бажармагани учун амалга оширилган. Бунгача июль ойида ҳам TikTok, Тwitter, Skype, «ВКонтакте»нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланганди.

Бу иш бошида турган Вазирлар Маҳкамаси президент администрацияси билан келишмаган ҳолда ҳаракат қилгани маълум қилинди. Натижада юқори лавозимли амалдорнинг уч нафари ишдан олинди. Ижтимоий тармоқлар фаолияти чеклаб қўйилиши ва бунга асос бўлган қонунчилик норозиликларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz жамоатчилик фаолларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

«Бу буйруқни берганлар йигирма биринчи асрда яшайдими?»

«Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: «Рус тилининг аҳамиятини тушунтириш бу қуёшнинг аҳамиятини тушунтиришдай гап». Юз йил ўтиб шу гапни интернетга нисбатан бемалол ишлатиш мумкин бўлди. Интернет бутунжаҳон компьютер тармоғи бўлса, унинг ичидаги ижтимоий тармоқларни бутун бир оламга қиёслаш мумкин. Бизнинг ижтимоий муносабатларимиз қурилган оламга.

Биз YouTube’дан видеодарс кўриб ўрганамиз, Twitter’дан зарурий хабарни иссиғида оламиз, Facebook’да дилимиздагини тўкамиз, Telegram’да ишга оид турли жўнатмалар алмашамиз. Бу бизнинг виртуал оламимиз. Аммо баъзида шугина виртуал оламимиз эшигига қулф, йўлагига шлагбаум, деразасига панжара ўрнатишни истаб қолишади. Тушунолмайман, бу буйруқни берганлар йигирма биринчи асрда яшайдими ёки компьютерни ўчириб чўтда ишлайверса бўлади, деб ростдан ҳам ўйлайдиган кишиларми?!

Ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган савдо муносабатлари аллақачон ижтимоий тармоқларга кўчган. «Деловой ишлар» эса телеграм каби мессенжерларда амалга ошмоқда. Исталган давлат идорасини олинг – ижтимоий тармоқда саҳифаси бор. Сайтлар хабарнинг қош-кўзини бўяб улгурмай, қайноқ хабар энг биринчи Twitter’даги саҳифаси ва Telegram каналида берилади. Бундай ижтимоий алоқа воситаларини тўсиш ақлсизликдир, «старческий маразм»га учраганларнинг қўлидан келадиган ишдир.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни тўсиш онлайн дўконларга ва етказиб бериш хизматларига зарба беради, туризмга таъсир қилади, йўл-йўлакай таълим соҳаси ҳам зиён кўради, қисқаси иқтисодиётга зарари жуда катта. Охирги йилларда тармоқларни тўсиб ва очиб мушук-сичқон ўйнаётган масъулларимизга инсоф тилайман, замон билан ҳамнафас юришларини, тармоқларни тўсмасликларини сўраб қоламан».

Шукуржон Исломов

Блогер, геофизик-инженер

«Келгусида интернет яна блокланмаслиги учун бунга асос бўлаётган қонун бекор қилиниши керак!»

«Ижтимоий тармоқларни блоклашга уринган одамларни бугунги глобаллашув даврида дунёни ўзининг хизмат кабинети ва уйидаги стационар телефондан иборат деб ҳисоблайдиган шахсларга ўхшатаман. Чунки рўй берган воқеаларни бошқача изоҳлаш қийин. Улар Томас Фридманнинг «Дунё текис» (The World Is Flat) номли асарини умуман ўқишмаган бўлса керак. Глобаллашув жараёнидан қочиб қутулиб бўлмаслиги ҳақидаги ушбу асар 2008-10 йилларга келиб бутун дунё жамоатчилиги томонидан тан олинган.

Ўзбекистонда 2021 йилда глобаллашув жараёнидан четда туриш ҳақида ўйлаётган одамларнинг борлиги ва уларнинг ижтимоий тармоқларни блоклаш ҳақида ўйламасдан қарор чиқараётгани энг камида ушбу мансабдорлар ўзлари эгаллаб турган лавозимга муносиб эмаслигининг исботи, менимча. Ижтимоий тармоқлар кимдингдир аммасининг уйидаги симини хоҳлаганда суғуриб, хоҳлаганда улаб қўйиш мумкин бўлган вентилятормас-ку.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Telegram ёки Instagram билан боғлиқ бизнес-лойиҳаларнинг ўзи бир неча миллиард долларни ташкил этади, яъни минглаб юртдошларимиз шу платформалар ортидан кун кўради. Бу фаолиятни қонунийлаштиришга кўмаклашиш ўрнига ижтимоий тармоқларни блоклаш – ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайдиган ҳаракат.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ўзбекистонни олдингидек дунёдан узиб қўйишнинг иложи йўқлигини айтиб, бошқа давлатлар билан чегараларимиз ва Интернет ёпиб қўйилмаслигини таъкидлаганди. Давлат раҳбарининг ушбу сўзларидан сўнг бундай ишларнинг содир бўлиши – бу очиқдан очиқ бугунги сиёсатга тескари ҳаракат. Шу боис ҳам президент матбуот котиби Шерзод Асадов буни «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат деб атади.

«Ўзкомназорат» томонидан дастакланаётган, ижтимоий тармоқлар блокланишига асос бўлаётган қонун моддасига амал қилинадиган бўлса, электрон почталарни ҳам ишлатишимиз керак эмас, рўйхатдан ўтиш талаб этиладиган бошқа сайтлар хизматидан фойдаланишимиз ҳам мумкин эмас. Бу дегани ўзбекистонликлар интернетнинг тахминан 90 фоиз қисмига кирмаслиги керак. Яъни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27 прим биринчи моддасига кўра шахсий маълумотлар талаб этиладиган ҳамма онлайн платформалар блокланиши керак.

Биринчидан, бу умуман имконсиз иш. Иккинчидан, бундай масштабдаги блоклашни амалга ошириш учун IT соҳасида Хитойдаги каби етарли инфратузилма яратилган бўлиши керак. Гап булутли серверлар, муқобил платформалар ҳақида кетмоқда. «Ўзкомназорат» томонидан блокланган платформаларнинг муқобили Ўзбекистонни қўя турайлик, ҳаттоки IT соҳасида биздан анча олдиндаги Россияда ҳам йўқ.

Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши онлайн бизнес учун катта иқтисодий зарар келтирди. Бундан ташқари, бу сўз эркинлигини бўғишга уриниш бўлди. Чунки «Ўзкомназорат» одамлар танқид ёзаётган Telegram ва Facebook’ни блоклаб, изоҳ қолдирилмайдиган Google ва Yandex’ни эътиборсиз қолдирди. Ваҳоланки, улар ҳам шахсий маълумотларни йиғади, аммо ушбу платформалар серверларини Ўзбекистонга кўчиришгани йўқ, бироқ ишламоқда. Мен бу билан ушбу қидирув тизимлари ҳам блокланиши керак демоқчимасман, ушбу қарорнинг қанчалик абсурдлигини таъкидлаяпман.

Ушбу ҳодиса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига ҳам катта зарба бўлди. Ижтимоий тармоқлар блокланганидан ярим соат ўтмай икки нафар хорижий ҳамкоримиз «Яна эски замонга қайтяпсизларми, нима қилишгаям ўйланиб қолдик», деб ёзди. Кўряпсизми, бу ҳаракатнинг салбий оқибатларини. Шунинг учун ҳам келажакда бу каби ҳолатлар такрорланмаслигига узил-кесил нуқта қўйиш, бунинг учун эса ижтимоий тармоқларни блоклашга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган қонунни бекор қилиш керак, назаримда. Қонун ижодкорлиги учун масъуллар, ҳукумат бу илтимосимизни жавобсиз қолдирмайди деган умиддаман».

Хуршидбек Марозиқов
«EDU» ва «EDU-Sofiya» хусусий мактаб ва ўқув марказлари тармоғи асосчиси.

«Шахсан менинг маълумотларим бошқаларнинг танлови ва махфийлиги ҳурмат қилинадиган жойда сақланишини хоҳлардим»

«Кўр-кўрона нусха олиш ҳар доим ҳам яхшимас. Айниқса, каттароқ тизимнинг бир доирадаги қисмини олиб, бошқа ҳолатларга эътибор бермасдан фақат шу қисмни қийшиқ кўчирса.

Россияда 2006 йилда қабул қилинган «Шахсий маълумот тўғрисида»ги ва кейинроқ 2014 йилдаги шахсий маълумотларни қайта ишлашга аниқлик киритадиган қонунлар бор. Бизнинг ҳукумат бу қонунларни бирлаштириб, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиққан.

Энди шу қонун асосида «Ўзкомназорат» баъзи ижтимоий тармоқларнинг фаолиятини чеклашни бошлабди. Шу масалада баъзи нарсаларни аниқлаштирмоқчи эдим.

1. Бизнинг ҳукумат ва халқ Россияникидек кўп ва бой эмас. Катта, бой давлатлар турли компаниялардан ҳар хил нарса талаб қилиши мумкин. Бунда компаниялар мижозларни йўқотмаслик учун кўнади одатда. Бу қонун менга кўзгуда ўзини шер кўраётган мушукни эслатяпти.

2. Россияда ахборот технологияларининг ривожи анча юқори. Катта маълумотларни сақлаш ва уларни қайта ишлаш учун етарлича муҳит бор. Бизда – йўқ.

3. Бизда бошқа ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бор: оддий дрон учишидан бошлаб, Skype ёки FaceTime нормал ишламаслиги, интернет сифати кабилар. Уларга эътибор бериш халққа кўпроқ фойда келтиради.

4. Сайтлар блокланиши учун очиқ механизм қурилмади. Тасодифан ёки писмиқларча қанақадир сайтлар блокланади ва бу бошқа ресурсларгаям халақит беради баъзида.

5. Давлат ходимлари ётволиб Telegram ишлатишади, у ерда алмашадиган маълумотлар давлат хавфсизлигига тўғридан тўғри алоқадор. Негадир унга ҳеч қанақа тазйиқ йўқ (бўлмасин ҳам).

6. Кўп ҳолатларда, бунақа чекловлар аслида ҳукумат хизмат қилиши лозим бўлган халққа зиён келтиради.

7. Ҳукумат бу ерда сақланадиган шахсий маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қанақа кафолат беради, билмайман. Ҳукумат хоҳлаган пайт шу маълумотларни ололса, унда бу хавфли: эртага маълумотлар тарқаб кетиши ёки таниш-билиш орқали олиниши эҳтимоли кучаяди.

Шахсан менинг маълумотларим Калифорния ёки Европага ўхшаган, адолат тўлақонли ишлайдиган, одамларда инсоф кучлироқ, бошқаларнинг танлови ва махфийлиги ҳурмат қилинадиган жойда сақланишини хоҳлардим».

Фарҳоджон Чинбердиев,
блогер

Top