15:27 / 11.11.2021
8441

Стивен Жеррард АПЛ клуби бош мураббийига айланди

Шотландиянинг «Глазго Рейнджерс» клуби бош мураббийи Стивен Жеррард Англияга қайтди.

Фото: Getty Images

«Астон Вилла» клуби Стивен Жеррардни расман бош мураббий деб эълон қилди. 

«Астон Вилла» катта мамнуният билан Стивен Жеррардни жамоанинг янги бош мураббийи деб эълон қилади», - дейилади бирмингемликларнинг твиттердаги расмий саҳифасида.

Аввалроқ, Жеррард Бирмингем клуби билан 2,5 йиллик шартнома имзолаши ҳақида айтилганди.

Куни кеча АПЛ клуби шотланд жамоаси билан Жеррард масаласида келишувга эришгани, унга кўра «Астон Вилла» Стивен учун «Рейнжерс»га 3 миллион евро товон пули тўлаши, Жеррард «Астон Вилла» тарихидаги энг кўп ҳақ олувчи мураббийга айланиши ҳақида хабар берилганди. 

«Ливерпуль» афсонаси Англияда бунгача 2017-2018 йиллар давомида «Ливерпуль» клуби ёшлар жамоасини (U-19) бошқарган эди.

Маълумот учун, «Вилла» АПЛ 11-туридан кейин 10 очко билан 16-ўринда бормоқда. Ўтган ҳафтада жамоа бош мураббийи Дин Смит истеъфога чиқарилганди.

Top