15:13 / 13.11.2021
23687

Дарахт экиш 40 кунлиги: Ўқитувчилар кўчат олиб келишга мажбурланмоқда

Тошкент шаҳридаги қатор таълим ташкилотларида ходимларга ўз ёнидан харажат қилиб 2 тупдан кўчат сотиб олиш мажбурияти юкланяпти.

Фото: Kun.uz

2 ноябрдаги селекторда берилган топшириққа асосан, Ўзбекистон бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланди. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган.

Айни кунларда дарахт экиш акциясига республика бўйича деярли барча бюджет ташкилотлари ва идоралар жалб қилинган.

Kun.uz'га ота-оналардан фарзандлари ўқийдиган мактабларда дарахт кўчати олиб келиниши сўралаётгани, дарс вақтида ўқувчилар ўзаро пул йиғиб, кўчат сотиб олиш учун уларнинг рухсатисиз бозорларга боришаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушди.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкентдаги кўчат бозорларидан бирида бўлди. “Қўйлиқ” бозоридаги кўчат сотувчиларнинг олди харидорлар билан гавжум.

Савдо қилаётган икки харидор мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашини айтди.

“Кўчатлар қимматлашиб кетибди. Йўл бўйида сотаётганлардан сўрасак, битта кўчатни 40-50 минг дейишяпти. Энг кичкиналарини 15 мингдан беришаркан, лекин уларнинг тутиб кетиши қийин.

Ҳар бир ўқитувчига 2 тупдан кўчат олиб бориш топшириғи берилган. Ўз ёнимиздан сотиб оляпмиз. Энг арзон кўчатлар фақат шу ерда экан”, деди харидорлардан бири.

Бозордаги кўчат сотувчилардан икки нафари энг кўп харидорлар мактаб, боғча каби таълим муассасаларидан келаётганини айтди.

“Харидорлар орасида мактаб, боғча, коллежлардан келаётганлар кўп. Уларнинг орасида ўқувчилар ҳам бор. Бизда бошқа жойга нисбатан арзонроқ бўлгани учун кўпчилик шу ерга келяпти”, дейди сотувчилардан бири.

Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова Kun.uz билан суҳбатда мажбурий дарахт экиш бўйича вазирликдан кўрсатма берилмаганини билдирди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташаббус вазирлик жамоаси ва тадбиркорлар томонидан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Тизимдаги барчани бу акцияда фаол иштирок этишга чақирганмиз, лекин бирор ҳудудда ёки мактабларда мажбурий тарзда дарахт кўчатлари олиб келиш топшириғи берилмаган.

Албатта, ким истаса, олиб келиши мумкин. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мажбурий тарзда бунга жалб қилиш, айниқса кўчат сотиб олиб экиш жараёнини расмга олиб ташлаш ҳақида Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳеч қандай кўрсатма берилмаган”, – деди ХТВ расмийси.

Президент 2 ноябрдаги йиғилишда йилига 200 млн туп кўчат экиш топшириғини бераркан, бу лойиҳани пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш кераклигини айтганди. Амалда эса топшириқ берилиши биланоқ дарахт экиш бошланиб кетди, пухта тайёргарлик масаласи сўроқ остида қолди.

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, ҳудудларнинг иқлимига мос кўчатлар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан етказиб берилиши керак. Бунинг учун қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этилиши белгиланган.

Давлат раҳбари дарахт экиш жараёнларида Экология қўмитасининг ўрнини алоҳида қайд этганди. Бироқ Kun.uz Экология қўмитаси вакиллари билан суҳбатида (яқин соатларда эълон қилинади) лойиҳани тизимли равишда амалга ошириш бўйича бирор аниқ маълумот берилмади.

Kun.uz мухбири 12 ноябрь куни АОКАдаги матбуот анжуманида ҳам Экоқўм расмийларидан кўчатларга ажратиладиган маблағ ва манбалар ҳақида сўради, бироқ конкрет жавобни ололмади. Бу эса умуммиллий ҳаракатни амалга ошириш бўйича аниқ тизим ҳали йўқлигини кўрсатади. Ўқитувчиларга кўчат олиб келиш юкланаётгани ҳам, катта эҳтимолки, ана шунинг оқибатидир.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top