2 ноябрдаги селекторда берилган топшириққа асосан, Ўзбекистон бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланди. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган.
Айни кунларда дарахт экиш акциясига республика бўйича деярли барча бюджет ташкилотлари ва идоралар жалб қилинган.
Kun.uz'га ота-оналардан фарзандлари ўқийдиган мактабларда дарахт кўчати олиб келиниши сўралаётгани, дарс вақтида ўқувчилар ўзаро пул йиғиб, кўчат сотиб олиш учун уларнинг рухсатисиз бозорларга боришаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушди.
Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкентдаги кўчат бозорларидан бирида бўлди. “Қўйлиқ” бозоридаги кўчат сотувчиларнинг олди харидорлар билан гавжум.

Савдо қилаётган икки харидор мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашини айтди.
“Кўчатлар қимматлашиб кетибди. Йўл бўйида сотаётганлардан сўрасак, битта кўчатни 40-50 минг дейишяпти. Энг кичкиналарини 15 мингдан беришаркан, лекин уларнинг тутиб кетиши қийин.
Ҳар бир ўқитувчига 2 тупдан кўчат олиб бориш топшириғи берилган. Ўз ёнимиздан сотиб оляпмиз. Энг арзон кўчатлар фақат шу ерда экан”, деди харидорлардан бири.
Бозордаги кўчат сотувчилардан икки нафари энг кўп харидорлар мактаб, боғча каби таълим муассасаларидан келаётганини айтди.
“Харидорлар орасида мактаб, боғча, коллежлардан келаётганлар кўп. Уларнинг орасида ўқувчилар ҳам бор. Бизда бошқа жойга нисбатан арзонроқ бўлгани учун кўпчилик шу ерга келяпти”, дейди сотувчилардан бири.
Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова Kun.uz билан суҳбатда мажбурий дарахт экиш бўйича вазирликдан кўрсатма берилмаганини билдирди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташаббус вазирлик жамоаси ва тадбиркорлар томонидан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Тизимдаги барчани бу акцияда фаол иштирок этишга чақирганмиз, лекин бирор ҳудудда ёки мактабларда мажбурий тарзда дарахт кўчатлари олиб келиш топшириғи берилмаган.

















