Ўзбекистон | 17:36 / 16.11.2021
6552
3 дақиқада ўқилади

ЙҲХнинг жарималар базаси киберҳужумга учрагани рад этилди

Интернетда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жарималар электрон базаси киберҳужумга учрагани ҳақида аудиоёзув тарқалди. ЙҲХББ буни рад этиб, иккита база интеграция қилинаётгани сабабли “айрим носозликлар” рўй бераётганини билдирди.

Фото: iStock

Аудиоёзувда номаълум эркак “давлат ташкилотида” ишловчи танишидан эшитган маълумотга таяниб, йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун ёзилган жарималарнинг электрон базаси ҳакерлар ҳужумига учрагани, натижада базадаги бутун республика бўйича барча маълумотлар ўчиб кетгани, бюджет катта зарар кўргани учун йўлларда рейдлар кўпайтирилганини айтади.

Шунингдек, аудио муаллифи таниши унга тўланмаган жаримани тўламай туриши кераклигини, чунки база тикланмайдиган бўлса, бунга ҳожат қолмаслигини, айни пайтда базада жарималардан қарздорлик ҳақидаги маълумотлар кўринмаётганини айтганини маълум қилган ва жаримаси бор фуқаролардан шуни текшириб кўришни сўраган.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг маълум қилишича, маълумотлар базасига ҳеч қандай ҳужум бўлмаган ва барча маълумотлар мавжуд.

“Маъмурий амалиёт бўлими ва марказий компьютерлаштирилган бошқарув ва алоқа хизматининг базалари интеграция қилинаётгани сабабли айрим носозликлар юзага келмоқда. Фуқаролардан ушбу ҳолатни тўғри тушунишларини сўраймиз”, дейилади расмий муносабатда.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ҳолатга изоҳ бериб, ҳанузгача баъзи блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларни бузиб, турли текширилмаган, нохолис ва умуман ёлғон маълумотларни тарқатишда давом этаётганини қайд этди.

“Ижтимоий тармоқларнинг фаолларига бирор-бир маълумот ёки мурожаат келиб тушганда, аввал уни текшириб, сўнг ахборот сифатида тарқатиш шартлигини эслатамиз. Шов-шув ортидан даромад топишни очиқликни таъминлашдан юқори қўйманг”, дейилади ички ишлар вазири матбуот котиби баёнотида.

Сўнгги икки ойда ИИВ ЙҲХББ электрон базаси яхши ишламаётгани ҳақидаги шикоятлар кўпайган. Бунинг сабаби ИИВ тизимидаги турли хизматлар базалари интеграция қилинаётгани билан боғлиқлиги бугун маълум қилинди.

Аввалроқ ярим йилдан буён Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБда расмийлаштирилаётган автотранспорт воситаларига транспорт воситаларини қайддан ўтказиш гувоҳномаси (“техпаспорт”) ўрнига икки варақ қоғоз берилаётгани, жарима билдиришномалари жўнатилмаётгани ҳақида хабар берилганди.

12 ноябрь куни ИИВ ЙҲХББ электрон тизими ишламай қолгани туфайли Давлат хизматлари марказлари томонидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати тўхтатиб қўйилган, орадан уч соат ўтиб тизим ишлаб кетганидан сўнг ушбу хизмат қайта йўлга қўйилганди.

Бироқ ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Музифа Султонова Kun.uz мухбири билан суҳбат давомида тизим ишламаётганини рад этиб, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириб бериш тўхтатиб қўйилгани у ишлаётган идорага алоқаси йўқлигини таъкидлаганди.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид