Жаҳон | 09:12 / 19.12.2025
1656
3 дақиқада ўқилади

Дания Россия билан боғлиқ гуруҳларни икки киберҳужумда айблади

NoName057(16) ва Z-Pentest каби ҳакерлик гуруҳлари Россия давлати томонидан “Ғарбга қарши гибрид уруш қуроллари” сифатида қўлланади, дея маълум қилди Дания ҳарбий разведкаси. Мудофаа вазирлиги эса ҳимоя чораларини кучайтиришга ваъда берди.

Фото: AP

Дания ҳукумати икки киберҳужум учун жавобгарликни Россия давлати билан боғлиқ ҳакерлик гуруҳларига юклади: биринчиси — бу кузда бўлиб ўтган муниципал ва ҳудудий сайловлар вақтида, иккинчиси — ўтган йили сувни тозалаш корхонасига қарши амалга оширилган ҳужум. Бу ҳақда Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен 19 декабр, пайшанба куни матбуот анжуманида маълум қилди. AFP агентлиги иқтибос келтирган вазир сўзларига кўра, ҳукумат Россия элчисини чақириш ниятида.

Поулсеннинг айтишича, 2024 йил охиридаги киберҳужумдан кейин — уни россияпараст Z-Pentest гуруҳи билан боғлашмоқда — сув қувурларида портлашлар содир бўлган ва бу қисқа муддатга турар жойлардаги сув таъминотини издан чиқарган. Иккинчи воқеа эса Данияда шу йил ноябрда бўлиб ўтган муниципал ва ҳудудий сайловлар арафасида юз берган. Россияпараст NoName057(16) гуруҳи ўз зиммасига олган бу киберҳужум оқибатида Даниядаги бир қатор сиёсий партиялар, муниципалитетлар, давлат идоралари ва бир мудофаа компаниясининг веб-сайтлари ишламай қолган.

“Биз бу — Россияга мойил, Россия давлати билан боғлиқ гуруҳлар эканига мутлақо ишонамиз”, — деди Дания Ҳарбий разведка хизмати (Forsvarets Efterretningstjeneste, FE) раҳбари Томас Аренкил. FE баёнотида Россия давлати NoName057(16) ва Z-Pentest гуруҳларини “Ғарбга қарши гибрид урушининг воситалари” сифатида ишлатиши айтилган.

Дания ҳарбий разведкасига кўра, “мақсад — нишонга олинган мамлакатларда беқарорлик яратиш ва Украинани қўллаб-қувватлаётганларни жазолаш”. Шунингдек, Россиянинг кибероперациялари “Ғарбнинг Украинага берган ёрдамини сусайтиришга қаратилган кенгроқ таъсир ўтказиш кампаниясининг бир қисми” экани таъкидланади. AFP қайд этишича, Дания Украинага Россияга қарши мудофаа урушда энг йирик ёрдам берувчилардан бири ҳисобланади.

Дания жамоат хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик вазири Торстен Шак Педерсен ҳар икки киберҳужум чекланган зарар етказганини, аммо айрим ожиз нуқталарни очиб берганини билдирди. “Бу жамиятимиздаги энг муҳим хизматлар ишини фалаж қилиб қўйишга қодир кучлар борлигини кўрсатади”, — деди у.

Копенҳаген ҳукумати бундай ҳужумлардан ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш ниятида эканини маълум қилди. “Биз кўплаб ташаббусларни амалга оширдик ва яна кўпроқ қиламиз, чунки Россиянинг бундай хатти-ҳаракатини мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, — дея таъкидлади Поулсен. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат кибертаҳдидларга тезкор жавоб бериш учун янги киберкузатув тармоғи ва оператив онлайн-марказ ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид