11:18 / 18.11.2021
17300

Шерматов АКТ, Саидов ХТВ раҳбарлигига расман тайинланди

Шерзод Шерматов расман АКТ вазири лавозимида иш бошлади. У вазирликни 2017—2018 йилларда ҳам бошқарган. Сўнгги уч йил давомида халқ таълими вазири лавозимида фаолият кўрсатаётганди.

Президент Шерзод Шерматовни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонини имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шерзод Шерматов / АКТ вазирлиги

17 ноябрь куни Шерматовнинг номзоди вазирликка Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганди.

Шерзод Шерматов (1977 йилда туғилган) — Тошкент давлат техника университети (1998) ва АҚШдаги Йель университети битирувчиси (2000). 2018 йил июнидан халқ таълими вазири лавозимида ишлаган. Унгача бир неча ой давомида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари бўлган.

2017—2018 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи бўлган, аввалроқ, 2016 йил ноябридан 2017 йил февралига қадар шу вазирликда вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

Ундан аввалроқ — 2014 йилдан Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлган. 2012—2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари эди (ҳозирги — АКТ).

Президент фармонига асосан Халқ таълими вазири лавозимига Бахтиёр Одилович Саидов тайинланди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати расман хабар берди.

Бахтиёр Саидов / Қонунчилик палатаси

Бахтиёр Саидов 1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

У турли йилларда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, 2016—2017 йилларда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари — бош менежери бўлган. Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлардаги элчиси (2017 йилдан Хитой, Мўғулистон ва Филиппин давлатларида) лавозимларида фаолият юритган. 

Top