22:54 / 22.11.2021
36195

“Қўрқитиб қўймоқчи эдим” — Навоийда мактаб директори эмланмаган ўқитувчиларни ёппасига “ишдан бўшатди”

Қизилтепа туманидаги 12-мактаб директори 20 нафар ўқитувчини коронавирусга қарши эмланмагани учун ишдан четлаштириш ўрнига, қонунга зид равишда ишдан бўшатиш бўйича буйруқ чиқарган.

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 12-сонли мактаб директорининг буйруғида 20 нафар ходимларнинг меҳнат шартномалари ёппасига бекор қилинганини кўриш мумкин.

Бунга уларнинг коронавирусга қарши вакцина билан эмланмагани сабаб бўлган. Буйруққа асос сифатида Махсус комиссиянинг 2021 йил 17 июлдаги йиғилиши 78-сонли баёни асос қилиб кўрсатилган.

Мактаб директори Республика махсус комиссиясининг йиғилиши баёнини тушунмасдан 20 нафар ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқарган. Аслида бизни вақтинча ишдан четлаштириши керак эди. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?” – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган ўқитувчилардан бири.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур мактаб директори вазифасини бажарувчи Учқун Ашуров билан боғландик. Унинг маълум қилишича, буйруқ ҳали расмийлаштирилмаган ва ўқитувчиларни ишдан бўшатиш нияти ҳам бўлмаган. У бу ҳаракатларини ўқитувчиларнинг вакцина олишларини тезлаштиришга қаратилгани билан изоҳлади.

Бир неча марта огоҳлантиришимга қарамай, айрим ўқитувчилар эмланишни пайсалга солиб келишди. СЭС томонидан уларнинг эмланмагани аниқлангач, менга 30 “минималка” жарима ёзишди. Бундан жаҳлим чиқиб, кадрга буйруқ расмийлаштиришни буюрдим. Сўнг, сиз кўрган буйруқ нусхасини ўқитувчиларга кўрсатдим. Шундан сўнг, қисқа фурсатда кўпчилиги эмлангани ҳақида сертификат тақдим этди. Лекин буйруқ тайёрлашда ўқитувчиларни ишдан бўшатишни ният қилмаганман. Буйруқ расмийлаштирилмаган ҳам. Шунчаки, қўрқитиб қўймоқчи эдим. Ўқитувчилар ишлаб юрибди. Ўзларидан сўрашингиз мумкин”, – деди Учқун Ашуров.

Шунингдек, Учқун Ашуров ўқитувчиларни вакцина билан эмланиш ҳақида ёзма огоҳлантирмаганини, уларга нисбатан ишдан вақтинча четлаштириш чорасини қўлламаганини тан олди.

Ўқитувчилар мактабда иш фаолиятини олиб боришаётганини тасдиқлашди. Гарчи мактаб директори кет демаётган бўлса-да, қўлларида имзоланган, муҳрланган ва 170-рақам берилган буйруқнинг борлиги ходимларда мавҳумлик кайфияти сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Қизилтепа туман СЭОМ бошлиғининг ўринбосари Шаҳриёр Ашуров 12-сонли мактаб директори Учқун Ашуровга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси билан маъмурий жарима қўлланилганини тасдиқлади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, директорнинг ноҳақлигини қайд этиш лозим. Аввало, у ходимларни “қўрқитиб қўйишга” ҳақли эмас. Қолаверса, вазиятнинг ҳуқуқий ечими мавжуд. Бундай ҳолатда ходим ишдан бўшатилиши эмас, Меҳнат кодексининг 113-моддасига асосан ишдан четлаштирилиши лозим.

Ишдан четлаштирилган давр учун ходимга маош тўланмаслигининг ўзи бу чоранинг нақадар таъсирчанлигини кўрсатиб турибди.

Қизилтепадаги мазкур ҳолат ҳам жойларда айрим иш берувчиларнинг ишдан четлаштириш тартибидан ҳамон бехабар эканини кўрсатмоқда.

Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда, ходим ишдан четлаштирилиши мумкин.

Ишдан четлаштириш ва ишдан бўшатиш бошқа-бошқа тушунчалардир. Ишдан четлаштириш – бу иш берувчининг ходимда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қиладиган сабаблар вужудга келганда, ўша сабаблар бартараф этилмагунча, ходимни ишга қўймасликдан иборат ҳаракати ҳисобланади.

Ишдан бўшатиш эса ходим билан меҳнат муносабатларини батамом узиш, уни ишлаб турган ишидан тўлақонли маҳрум қилиш ҳисобланади.

Бу Навоий вилоят халқ таълими тизимида юз бераётган қонунбузилиши ҳолатларининг биринчиси эмас.

ХТБ мудирининг “пора” сифатида олган пули якунда “қарз”га айланиб қолгани, Хатирчида мактаб таъмири чала қолиб, ўқувчилар совуқ хоналарда таълим олаётгани, олийгоҳга киролмаган битирувчилар мактаб маъмурияти томонидан қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳужжат топширишга мажбурланаётгани, айрим мактаблар ходимлари шанбаликка чақирилгани шулар жумласидандир.

Халқ таълимининг янги вазири Бахтиёр Саидов ва вилоятга яқиндагина ҳоким этиб қўйилган Нормат Турсуновлар вилоятнинг маориф тизимида ислоҳотларни амалга оширсалар ажаб эмас.

Аббос Салайдинов

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top