Қизилтепа «замҳокими»нинг босими билан овоз тўпланган лойиҳалар бекор қилиниши керак
Қизилтепадаги ҳокимият мажбурлови билан овоз тўпланган лойиҳалар бекор қилиниб, пул маблағлари кейинги ўринлардаги, одамлар учун чиндан ҳам муҳимроқ бўлган лойиҳаларга сарфланиши лозим.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамов Zoom орқали ўтказилган онлайн мажлисда ташкилот раҳбарларига кечгача 50 тадан овоз йиғишни буюрган, акс ҳолда ким бўлишидан қатъи назар ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилганди. Унинг бу хатти-ҳаракати кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Шундан сўнг, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди. Прокуратура ва меҳнат инспекцияси ўтказган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.
51-модданинг 1-қисмига кўра, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш 50–100 БҲМ (17 млн сўмдан 34 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Ҳоким ўринбосари айнан қанча жаримага тортилгани маълум қилинмади.
Ҳокимиятнинг аралашуви сезилиб турган лойиҳалар
Қизилтепа туманига «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йилдаги 1-мавсуми учун жами 16 млрд 407 миллион 800 минг сўм пул ажратилган. Бу максимум белгиланган маблағ – 1 млрд 360 млнлик 12 та ташаббусни амалга ошириш учун етадиган маблағ. Яъни туманда лойиҳанинг бир мавсуми давомида 12 та кўча обод бўлиб қолиши ёки 12 та мактаб капитал таъмирланиши, жиҳозланиши мумкин. Аммо эътибор бериб қарайдиган бўлсак, овоз бериш натижалари бўйича «кучли учлик» ҳокимиятга алоқадор бўлган ташаббуслардан таркиб топган.
Ҳокимият томонидан илгари сурилган эҳтимоли юқори бўлган лойиҳалар:
- М-37 магистрал йўлининг Қизилтепа туманидан Кармана туманига бориш қисми чап тарафига яшил макон боғи суғориш тизимини ташкил этиш;
- М-37 магистрал йўлининг Қизилтепа туманидан Кармана туманига бориш қисми ўнг тарафига яшил макон боғини суғориш тизимини ташкил этиш;
- Қизилтепа-Тошработ йўлининг чап томонида барпо этилаётган яшил макон боғини суғориш тизимини ташкил этиш;
- Туман марказида жойлашган истироҳат боғида замонавий фаввора ўрнатиш;
- Туман марказидаги истироҳат боғида Нуронийлар масканини барпо этиш.
Қайд этиш лозимки, саналган ташаббусларнинг деярли ҳаммаси ғолиблар қаторидан ўрин олган бўлиши мумкин. Бу эса туман учун ажратилган пулнинг катта қисми ҳокимият ташаббуси ва мажбурловлари билан овоз тўпланилган лойиҳаларга йўналтирилишини англатади.
Умуман олганда, халқ пулини халққа зарур ишларга сарфлаш керак. Қизилтепадаги ҳокимият мажбурлови билан овоз тўпланган лойиҳалар эса бекор қилиниб, пул маблағлари кейинги ўринлардаги, одамларга чиндан керак бўлган лойиҳаларга сарфланиши адолатдан бўлади.
Мавзуга оид
19:34 / 14.09.2024
“Ташаббусли бюджет”да 177 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди
17:08 / 10.09.2024
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори 34 млн сўм жаримага тортилди
16:13 / 01.09.2024
“Ташаббусли бюджет” ғолиблари эълон қилинди
21:59 / 27.08.2024