Жамият | 20:51 / 23.11.2021
26354
7 дақиқада ўқилади

Шикоятчининг овозини ўчириш – эски даврга қайтиш демакдир

Муаммо ҳақида очиқ гапирганларни турли йўллар билан жазолаш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу охир-оқибат янги даврда эришилган энг асосий ютуқ бой берилишига олиб келиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Янги давр бизга туҳфа этган нарсалардан асосийси – сўз эркинлиги. Айнан сўз эркинлиги чорак аср давомида йиғилиб келган муаммолар ҳақида пана-пастқамда эмас, баралла гапириш имконини берди. Ва айнан сўз эркинлиги ўша муаммоларнинг ечими ҳақида жамият бўлиб – биргаликда ўйлаш имконини яратди – туннел охирида ёруғлик кўринди. Сўз эркинлиги воситасида халқ бир тана, бир жон бўлиши мумкинлигини сездик.

Сўз эркинлиги таъбир жоиз бўлса, омматан тушиб қолганимиз – тўзиб ётган “муаммохона”ни кўпчилик бўлиб йиғиштиришга киришиш учун замин яратди.

Муаммолар тўлиб-тошиб ётган бўлса ва ҳамма буни кўриб турган бўлса-ю, аммо гапиролмаса, гўё иккита параллел дунё пайдо бўлади: бири рост, бири ёлғон, бири – ҳаёт, иккинчиси – телевизор.

Шу боис ҳам бу борада вазиятнинг тубдан ўзгарганлиги мени шахсан жуда хурсанд қилган эди: “Бўлди, жарликка қараб юришдан тўхтадик, бу ёғи яхши бўлади, чунки сўз эркинлигидек инсоний ҳуқуқларнинг муҳим соҳасида ўзгариш содир бўлди”. Электрон ОАВнинг фаоллашиши бу жараённи тезлатиб юборди. Бироқ...

Туҳфага ҳамла

Охирги пайтда эшитаётган-билаётганимиз хавотирли сигналлар ўлароқ янграяпти – юзага келган ижобий жараён ортга қараб кетаётгандек гўё.

“Фалон блогер фалон ҳокимни танқид қилгандан сўнг қамоққа олинди”, “фалон киши муаммолар ҳақида интернетда гапиргандан сўнг уйига милиция келибди”, “бир киши юқорига шикоят ёзган экан, босимга учрабди” ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Шундоқ кечагина муаммони кўтарган шикоятчи бугун эрталабдан “ҳазиллашдим” ёки “адашибман, тавба қилдим” деб туриши одатий ҳолга айланиб қолди.

Шикоятчилар яшин тезлигида “ҳазилкаш” ёки “тавбагўй”га айланиши сабабини кўпчилик тушуниб турибди, бу учун қанақа услублар қўлланиши, қандай “ричаглар” босилиши, шикоятчининг энг нозик жойларига қандай урилишини-да биламиз – Марс сайёрасидан тушганимиз йўқ, Ерда яшаяпмиз, аммо бунга қарши ҳеч нарса қила олмаслигини ҳам омма билади. Натижада кишилар онгида яна ўша ҳолат юз бериб турибди – муаммо бор, манбаси бор, бироқ ҳолатнинг на эътирофи бор, на ечими.

Хатар

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева Kun.uz орқали шикоят қилганидан кейин ҳибсга олиниши, автоблогер Бобур Ғаниевнинг телефонидан “кутилмаганда” порнографик суратлар чиқиб қолиши, ўқитувчилар пахтага чиқарилганини айтган наманганлик йигит эртаси куни узр сўраб чиққани, профилактика инспекторининг соҳадаги муаммолар ҳақида гапиргандан кейин қамоққа олиниши...

Булар – кўпчиликка маълум айрим мисоллар холос. Журналистлар кунда дуч келадиган “майда” ҳолатлар ҳам бор, муаммо ҳақида хабар чиққандан кейин ОАВга мурожаат қилганларга нисбатан “чора кўриш” ҳолатларининг сон-саноғи йўқ, ишонаверинг.

Хатарлиси – шикоятчиларнинг овозини ўчириш шу йўсинда давом этаверса, бир кун келиб биз жамият ўлароқ аста секинлик билан бошланғич нуқтага қайтамиз. Ўша, биз бироз узоқлашганимиздан хурсанд бўлаётганимиз нуқтага.

Нега бунча ёмон кутилма дейсизми? Чунки оз-оздан бир томонга қараб ҳаракат қилинса, шу билан бирга ҳаракатга қаршилик бўлмаса, ўша манзилга бир кун етиб келинади. Яъни бориб-бориб яна муаммолар фақат пана-пастқамда гапириладиган бўлиб қолади, ошкор гапиришдан одамлар қўрқадиган бўлиб қолади. Натижасини башорат қилиш шарт эмас...

Улар кимлар?

Савол: овозларни ўчирувчилар кимлар? Жавоб тайин – ўз ҳудудида юзага келган муаммоларни яширишни истайдиган раҳбарлар: “Ҳудудингдаги муаммолар очилаверса, охир-оқибат ишдан кетасан”.

Лавозим моҳиятини тўғри англаган инсофли раҳбарлар учун-ку ишдан кетиш фожиа эмас, бироқ мансабини суиистеъмол қилувчилар учун лавозим – ҳаёти мазмуни. Айнан шу тоифа ўз ҳудудида (вилоятида, туманида, секторида, соҳасида) мавжуд муаммоларни қай йўл билан бўлса-да яширишга уринади. Ва табиийки улар учун “жамият манфаати”, “Ватан келажаги”, “сўз эркинлиги фойдалари” каби тушунчалар – ҳавойи сўзлар.

Ривожланган жамиятларда

Инсофсиз раҳбарлар фақат бизда эмас, бошқа жамиятлар ҳам улардан азият чекишади. Бироқ ижтимоий ҳаётини бирмунча тартиблаб олган жамиятлар мансаб эгаларини тартибга солиб турувчи восита-механизмларни жорий қилишган. Бу механизмлар бирдек самарали ишламаслиги, жойи келса панд бериши мумкин, бироқ ноинсоф раҳбарларга қаршилик ўлароқ мудом ишлаб туради ва жамиятдан эркларини, аввало сўз эркинлигини тортиб олишга йўл бермайди.

Ўша воситаларнинг энг муҳими, албатта, мустақил судлардир. Айнан одил суд фуқаро учун мансабини суиистеъмол қилувчи, маъмурий ресурсидан жинояткорона фойдаланувчи мансабдор таъқибидан ҳимояланишнинг охирги ва энг ишончли воситасидир. Судялар мансабдорлар билан “ҳамкорлик” қила бошласа – тамом – қўлдан кетди барча эркинликлар. Шу туфайли ҳам ривожланган жамиятлар судлар мустақиллиги соҳасини қаттиқ назорат остида тутишади. Судьяларнинг мустақиллиги у юртларда “телбаларча” қўриқланади.

Нима қилмоқ керак?

Аввало сарлавҳадаги саволга ўзимиз учун жавоб беришимиз керак: ҳозирда авж олаётган шикоятчиларнинг овозини ўчириш кампанияси бизни қаерга олиб боради?

Барча ақлий ва нақлий далиллар дарак берадики, бу жараён эндигина етишганимиз неъматни биздан олиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Муаммоларга тўлган муҳитга мослашган тоифаларнинг бу ҳаракати – табиий ҳол. Улар ўша муҳитга ўрганган. Бироқ биз – яхши келажакка ҳаракат қилаётган жамият бунга қараб туришимиз мумкинмас. Давлат ва жамият бир бўлиб бу жараёнга тўсиқ бўлиши керак. Чора топиш керак. Шунга барчани чақириб қолган бўлардим.

Шокир Шарипов

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Мавзуга оид