Ўзбекистон | 10:42 / 24.11.2021
1736
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда поездлар қатнови сабабли йўллар ёрилиб кетгани айтилди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Тенгдош” МФЙ аҳолиси томонидан поездлар қатнови сабабли йўллар ёрилиб кетгани ва одамлар қатновда қийналаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабарлар юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Ғузор тумани “Тенгдош” МФЙ аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатда акс этган ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Қарши минтақавий темир йўл узели” УК раҳбарияти маҳаллий аҳоли билан учрашган ва ҳолат жойида ўрганилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳудуд орқали “Тошкент – Шаҳрисабз” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб”, тезюрар “Насаф”, шаҳарлараро поездлар ҳамда юк поездлари мунтазам равишда қатнайди. Ушбу аҳоли яшаш пункти яқинидан ўтувчи темир йўлда пиёдалар учун қўриқланадиган махсус жойи мавжудлиги аниқланган. Ушбу жойдан ўтиш, темир йўлнинг бошқа томонига бориш ва қайтиш учун шароитлар яратилган.

«Суҳбат давомида маҳаллий аҳолининг асосий муаммоси бошқа масалада экани, яъни магистрал автойўлдан қишлоққа олиб борувчи йўлнинг узоқлигидан шикоят қилинди. Аҳолига ёрдам тариқасида қишлоқ оқсоқоллари билан келишилган ҳолда “Қарши минтақавий темир йўл узели” УК томонидан ёрдам тариқасида қишлоққа олиб борувчи яна бир бошқа таъмирталаб қисқа автойўлни қайтадан таъмирлаш учун келишилди ҳамда тез орада таъмирлаш ишлари бошланиши таъкидланди», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид