Ўзбекистон | 19:42 / 24.11.2021
5167
3 дақиқада ўқилади

Томорқа хизмати кластерлари ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Самарали фаолият юритаётган томорқа хизмати корхоналари негизида 35та томорқа хизмати кластери ташкил этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Ер тақсимлашда ҳаммаси одилона бўлиши лозим. «Ҳокимнинг жияни, прокурорнинг невараси» деган гаплар бўлмасин. Энди қонун устувор, жазо муқаррар бўлади.

Яна бир масала – бугунги кунда 5,5 минг гектар яроқсиз боғлар ва 2,5 минг гектар токзорлар, яна бир қанча самарасиз иссиқхоналар мавжуд.

Ушбу боғ, токзор ва иссиқхоналарга тажрибаси бор тадбиркорларни жалб қилиш зарур. Бундан буён, кадастр ҳужжати бўлган боғ, токзор ва иссиқхоналар олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахсга ўтказилганда, янги мулкдорга ерга бўлган ижара ҳуқуқи ҳам ўтади.

Вилоят ҳокимлари Боғдорчилик агентлиги билан бирга, бир ой муддатда ердан оқилона фойдаланмаётган, кредитдан қарзи бор боғ, токзор ва иссиқхоналарни хатловдан ўтказиб, уларга кадастр ҳужжатларини тайёрлашга кўмаклашсин, тажрибали тадбиркорларни аниқлаб, лойиҳаларни бошласин.

500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йил 100 миллион доллар ажратилади.

Томорқада деҳқончиликни йўлга қўйиш учун, оилавий тадбиркорлик дастури шартлари асосида имтиёзли кредитлар берилади.

Самарали фаолият юритаётган томорқа хизмати корхоналари негизида 35та томорқа хизмати кластери ташкил этилади. Уларда, кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш цехи, инкубатор, ем ишлаб чиқариш каби хизматлар жамланади.

Масалан, Шароф Рашидов тумани «Гулчи опа томорқа хизмати» раҳбари Шарофат Нориева 150та хонадонга гул кўчати, товуқ, қорамол ва эчки тарқатиб, тайёр маҳсулотни сотиб олишни йўлга қўйган. Натижада, ҳар бир томорқа эгаси 300 миллион сўмгача даромад олган.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, улар омборхоналарни жиҳозлаши, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилишига 30 фоизгача субсидия берилади.

Томорқа хизмати корхоналарига уруғлик, кўчат, мини техника харид қилиши ҳамда айланма маблағ учун ҳоким ёрдамчилари кафиллиги асосида 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади ва бунга келгуси йилда 50 миллиард сўм ажратилади. Унутманглар, энди сув кўпаймайди, камайиб бораверади. Шунинг учун сувни тежовчи технологияларни жорий қилаверишимиз керак.

Тўртинчидан, аҳоли даромадини ошириш ва бозорлар тўкин-сочинлигини таъминлаш учун ҳар бир хонадонда камида 100та парранда, 20та қуён, 5-6та қўй ва эчки, 5та асалари уялари боқишни йўлга қўйиш шарт», деди давлат раҳбари.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид