Иқтисодиёт | 14:34 / 26.11.2021
19489
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Nike ва Adidas кроссовкалари қачондан ишлаб чиқарилиши айтилди

Лойиҳанинг биринчи босқичида 300 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилиши айтилмоқда.

Фото: Shutterstock

“Ўзчармсаноат” уюшмаси хитойлик инвесторлар билан Nike ва Adidas бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқариш борасидаги ишлар ҳақида Kun.uz’га маълум қилди.

Келгуси йилнинг март-апрел ойларидан бошлаб Nike ва Adidas брендлари остида спорт пойабзаллари ишлаб чиқарилиши бошланади. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум бўлишича, шу йил охирига қадар Хитойдан Ўзбекистонга иккита юк машинасида керакли ускуналар етиб келади. 2022 йилнинг январ ойида технологияларни ўрнатиш жараёнлари ниҳоясига етади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 300 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади. 2023 йилдан бошлаб ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич ортади. Компания Андижон вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Россияга экспорт қилиш бўйича дастлабки шартнома ҳам имзолаган.

Унга кўра компания Россияга 120 минг жуфт пойабзални етказиб беради.

Уюшма матбуот хизматига кўра, мазкур лойиҳа амалга оширилиши Россия ва бошқа давлатлар учун янги имкониятларни очмоқда. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ҳамкорлик бўйича фаол мулоқотлар олиб борилмоқда. Мазкур брендлар остида ишлаб чиқариладиган пойабзалларни Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Қозоғистонга ҳам етказиб бериш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Аввалроқ, уюшма пойабзал заводи Андижон вилоятида ишга туширилишини маълум қилганди.

Лойиҳа 2019 йил бошидаги  «Tianjin Zhongzhilihua» компанияси билан  «SinoInternational»  МЧЖ ўртасидаги келишувга кўра амалга оширилмоқда. Инвестор хитойлик Фан Ронг Хуан ҳисобланади. У бевосита лойиҳа манбаси ҳисобланиб, у томондан 12 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид