Ўзбекистон | 08:37 / 30.11.2021
14369
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари соҳасига тааллуқли 21та жиноят иши қўзғатилди

Президентнинг 2020 йилдаги фармонига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ушбу фаолиятни такомиллаштириш вазифаси юклатилган.

Фото: Dreamstime

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан манзилли ва масофавий ўрганишлар ҳамда мониторинглар ўтказиб келинмоқда.

Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида давлат харидлари соҳасида 24 та манзилли ўрганишлар ўтказилди ва доимий масофавий мониторинглар амалга оширилди. Ўрганишлар якуни бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жами 60 га яқин сўровномалар киритилган бўлиб, ушбу сўровномалар бўйича 44 та жиноят ишлари ва 24 та маъмурий ишлар қўзғатилиши таъминланди.

Мазкур қўзғатилган жиноят ишларининг 21 таси, маъмурий ишларнинг 24 таси давлат харидлари соҳасига тааллуқли ҳисобланади. 

Ҳудудлар кесимида Андижон вилоятида 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Жиззах вилоятида 4 та, Қашқадарё вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 1 та, Навоий вилоятида 1 та, Самарқанд вилоятида 1 та жиноят содир этилган.

Соҳалар кесимида ўрганилганда, қурилиш соҳасида 11 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 4 та, таълим соҳасида 2 та, спорт соҳасида 2 та, маданият соҳасида 2 та жиноят содир этилгани аниқланди.

Содир этилган жиноятларнинг 2 таси республика, 16 таси вилоят, 3 таси туман-шаҳар ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Бугунги кунда 18 нафар шахсларга нисбатан суд ҳукмлари эълон қилгани ҳолда жазо муқаррарлиги таъминланган бўлиб, 7 нафари раҳбар, 3 нафари ҳисобчи, 1 нафари ижрочи ходим ва 7 нафари бошқа шахслар ҳисобланади, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид