Ўзбекистон | 20:42 / 03.12.2021
19035
8 дақиқада ўқилади

Интернет тезлиги ва бошқалар: Шерзод Шерматовга таклифлар

АКТ вазири лавозимига қайтган Шерзод Шерматов соҳани ривожлантириш учун таклифлар сўраган эди. Kun.uz жамиятда яққол кўриниб турган муаммолар ва экспертларнинг фикрлари асосида қатор таклифларни жамлади.

Фотоколлаж: Kun.uz

Аввало, юртдошларимизга энг кўп сезиладиган интернет тезлиги ва сифатини ошириш масаласи. Бунинг учун Ўзбекистонга олиб кирилаётган ташқи интернет каналларини кўпайтириш, хусусий сектор вакилларига ҳам ташқи интернет каналларига тўғридан тўғри уланишга рухсат бериш керак бўлади.

Айни вақтда Ўзбекистон бутунжаҳон интернет тармоғига фақатгина Россия орқали (Қозоғистон воситачилигида) “Ўзбектелеком” орқали уланган. Аввалроқ, Қирғизистон воситачилигида Хитойдан ҳам қўшимча интернет канал олиб кириш ҳақида гап-сўз бўлган, аммо кейинги қадамлар ҳақида очиқ манбаларда маълумот топилмади.

Шунингдек, ички инфраструктурани ҳам яхшилаш зарур. Республика ҳудудидаги барча объектларга кенг полосали интернет тармоғига уланиш имкониятини яратиш керак.

АКТ вазирлиги томонидан кечиктирмай қилинадиган ишлардан яна бири “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1 моддасини бекор қилиш юзасидан таклиф киритиш. Kun.uz'да ушбу талабни амалиётга татбиқ этиш қандай оқибатларга олиб келиши тўғрисида ўнлаб таҳлилий материаллар чиққан.

IT соҳасининг ривожини бу борада яққол устун бўлган хорижий компаниялар ва экспертларнинг тажрибасисиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли вазирлик ва ҳукумат доирасида Ўзбекистонда йирик IT-гигантлари – Google, Meta, Yandex, Apple, Microsoft каби компанияларининг расмий филиалларини очиш бўйича музокаралар ўтказилиши керак. Бу мамлакатда юқори малакали АКТ соҳаси кадрлари учун иш ўрни яратади, ҳукуматда ҳам хорижий компаниялар билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатиш имкониятларини юзага келтиради.

Албатта, йирик компанияларнинг фақат филиалларини очиш билан иш битмайди. Масалан, улар ўзларининг дастурларидаги вақтинчалик кешларини сақлашда фойдаланиш учун Ўзбекистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган, йирик ва ишончли дата-марказларини қуриш керак бўлади. Бу – йирик интернет платформалари учун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги бошқа фойдаланувчиларнинг кешларини сақлашда ҳам қўл келади. Халқаро ва маҳаллий компаниялар бу дата-марказлардан фойдалангани учун ижара ҳам тўлайди.

Шунингдек, UzIMEI кодини рўйхатдан ўтказиш қимматлиги, бунинг ортидан келаётган пуллар шаффофлиги масаласи, фуқароларнинг ўз номида нечта қурилма борлигини билолмаслиги ҳам жамоатчиликда норозилик уйғотмоқда. АКТ вазирлиги ушбу масала юзасидан ҳам жамоатчилик талабидан келиб чиқиб, ечим бериши керак.

Шерзод Шерматов UzIMEI кодини рўйхатдан ўтказиш жараёни осонлаштирилиши ҳақида гапирган эди. Шунингдек, Kun.uz ушбу масала юзасидан алоҳида тўхталиб, муаммоларни батафсил санаган.

IT соҳасидаги таълимни ривожлантириш бўйича таклифлар

Биламизки, IT фақатгина назарий билимлар билан комилликка етмайди, бунинг учун амалиёт ва тажриба жуда муҳим. Амалиёт бўлганда ҳам, фермер хўжалиги ёки ҳокимиятда эмас, балки турли соҳадаги дастурлаш, дизайн, робототехника билан шуғулланувчи йирик хорижий компанияларда талабаларнинг амалиётини йўлга қўйиш керак. Бунинг учун соҳани ривожлантиришга масъул вазирлик асосий масъулиятни бўйнига олиши, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда талабаларни малака ошириши, бор кадрларни алмашинув дастури асосида хорижга юборишни йўлга қўйиш лозим.

Масаланинг молиявий тарафларини ечиш учун хорижга иқтидорли ва моддий имконияти чекланган талабаларни бюджетдан ёки грантлар эвазига, имконият ва хоҳиши бор талабаларни эса шартнома эвазига юбориш мумкин. Кадрларнинг хорижда тажриба алмашинувини эса деярли ҳар бир давлат ташкилотидаги жамғармалар орқали амалга ошириш мумкин. Таълим учун тикилган инвестиция ҳар доим ўзини оқлайди.

АКТ вазирлиги қуйидаги кичик, лекин муҳим муаммоларга ҳам эътибор қаратиши зарур:

  • “Соғлом турмуш тарзи” платформаси билан боғлиқ камчиликларни тугатиб, уни рисоладагидек ишлайдиган қилиш керак;
  • телефон рақамни ўзгартирмаган ҳолда операторни алмаштириш имкониятини жорий қилиш лозим;
  • барча олий таълим муассасалари талабаларига контрактни мобил илова орқали тўлаш имкониятини бериш;
  • АКТ соҳасига доир ўзбек тилидаги электрон, босма ресурсларни кўпайтириш, ўзбек тилида IT'ни ўргатувчи дастурлар ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш;
  • PayPal, Stripe, Wise каби машҳур пул ўтказма ва тўлов тизимлари Ўзбекистонда ҳам очилиши чораларини кўриш;
  • чет элдаги юртдошларимиз интернет орқали эски паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришлари учун ариза бериш, ушбу ҳужжатларни элчихона орқали янгилаш имкониятини яратиш бўйича ваколатли органларга таклиф киритиш керак.

Юқоридагилардан ташқари, соҳани ривожлантириш юзасидан Адлия вазирлиги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази Дастурий ва техник таъминот бўлими бошлиғи Умаржон Маткаримов ҳам Kun.uz'га ўз таклифларини берди.

“Аввало, АКТ лойиҳалари экспертизаси тугатилиши керак, аксинча бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан пул ажратишни ташкил қилиш лозим.

АКТ вазирлиги ходимларини жойларда ва бошқа вазирлик идораларига мажбурий сафарбар қилишга барҳам бериш керак. Чунки уларнинг аксарияти пастдаги реал иш жараёнини кўрмаган, давлат органларидаги айтишниклар ишини ва муаммоларини умуман тушунмайди.

Камида Tier III классификациясидаги марказий Data center'ни ишга тушириш, шунингдек унга захира ҳам яратиш зарур.

Электрон рақамли имзо (ЭРИ) халқаро стандартини қабул қилиб ҳамма учун ягона қилиш керак.

150 та штатли “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ва “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” каби ташкилотлар фаолияти ҳамда “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак. Шунингдек, мамлакатда ахборот хавфсизлигини кучайтириш чоралари кўрилиши керак”, – дейди Умаржон Маткаримов.

Universiti Sains Islam Malaysia олийгоҳининг Ахборот хавфсизлиги кафедраси етакчи мутахассиси, фан доктори Анвар Нарзуллаев ҳам Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантириш бўйича Kun.uz'га ўз таклифларини тақдим қилди.

Анвар Нарзуллаев

Анвар Нарзуллаевнинг таклифлари асосан Ўзбекистонда сунъий интеллект (SI) технологияларини жорий қилишга оид бўлди.

“Бугунги кунда SI кўп соҳаларда ўз татбиқини топган, жумладан банк, молия, иқтисод, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва ҳоказо. Лекин, бу технологияларни ишлаб чиқиш учун энг бирламчи ва муҳим восита бу улкан маълумотлар (Big Data) ҳисобланади.

Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда аксар маълумотлар ёпиқ ёки умуман рақамлаштирилмаган ҳолда қолиб кетмоқда. Мисол учун, ўтган йили Қатар, Малайзия, Бангладеш, покистонлик тадқиқотчилар COVID билан касалланганларнинг рентген тасвирларини очиқлади (20 000 га яқин рентген тасвирлар). Бу – ўз навбатида коронавирусга тез ташхис қўювчи сунъий интеллект дастурлари яратилишига олиб келди. Бу биргина мисол, холос.

Умуман олганда, жаҳон тажрибасида турли давлат (ва нодавлат) ташкилотлар ўзларининг маълумотларини очиқлаб, бу маълумотлардан унумли фойдаланиш йўлларини тадқиқотчилардан сўраш, уларга турли грантлар ажратиш амалиёти урф бўлди. Бунга, Kaggle.com сайтидаги минглаб очиқ маълумотлар ва соврин фонди 100-200 минг долларни ташкил қиладиган мусобақаларни мисол қилиш мумкин.

Агар Ўзбекистонда ҳам турли давлат ташкилотлари ўзларида жамланган маълумотларни очиқ эълон қилишса (шахсий маълумотларни олиб ташлаган ҳолда, албатта), аминманки бу маълумотлар асосида ташкилотнинг самарадорлигини, иш унумдорлигини оширувчи сунъий интеллект технологиялар жорий этилади. Ва бу нарсага АКТ вазирлиги бош бўлиши керак деб биламан”, – дейди мутахассис.

Юқоридаги таклифларга нафақат Шерзод Шерматов, балки бошқа тегишли вазирлик ва идоралар ҳам бефарқ қарамасликлари зарур.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид