Ўзбекистон | 16:19 / 03.12.2021
6445
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади, уларда биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилади.

Сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам кун тартибига киритилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари халқаро масалалар юзасидан фикр алмашади ва минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилади.

Саммит якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.

Ташриф арафасида Нур-Султонда икки мамлакат етакчи компания ва тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ҳам ўтказилади, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид