07:42 / 08.12.2021
5542

Бухородаги тарихий обидаларга реклама баннерлари ёпиштирилгани аниқланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан республика бўйича 386 та моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш бўйича ўрганишлар олиб борилди. 

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

Натижаларга кўра, тарихий обидаларга 25 дан ортиқ ҳолатда рухсатсиз реклама жойлаштирилганлиги аниқланди. Тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашга етказилган катта зарарлар – баннерлар, турли ўлчамдаги билбордларни ўрнатиш, уларга мих қоқиш, симлар билан осиш ва бошқа усуллар билан ўрнатишдан иборат бўлган. 

Энг кўп қоидабузарликлар Бухоро шаҳрида аниқланди. 1858-1859-йилларда қад ростлаган Иброҳим Охунд мадрасаси (М.Амбар кўчаси, 117-уй) девори бўйлаб бир вақтнинг ўзида бир неча: газлама устахонаси, гўзаллик салони ва маиший техникани таъмирлаш бўйича ташқи эълонлар жойлаштирилган.  XIX асрда қурилган Сайфиддин карвонсаройида гилам тўқиш мактаби бўйича ташқи реклама осилган. Бухоронинг тарихий маркази – XVI асрга оид (1534-1535 йиллар) Тоқи Саррафондаги жаҳонга машҳур анъанавий ёпиқ бозорда ҳам бир қатор реклама конструкциялари ўрнатилган ва эълонлар берилган.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

Қайд этилишича, аниқланган қонунбузарликлар бартараф этилди. Ўрганиш натижаларига кўра, агентлик томонидан қонун ҳужжатларини бузган тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари юборилиб, ташқи рекламани ўрнатиш тартиби юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.

Top