Жаҳон | 20:01 / 21.12.2021
10457
2 дақиқада ўқилади

Россияда ҳудудий раҳбарларни президент деб аташ қонун билан тақиқланди

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин «Россия субъектларида бошқарувни ташкил қилиш тўғрисида» қонунни имзолади.

Эндиликда ҳудудий раҳбарлар икки мартадан ортиқ ҳам губернаторликка сайланиши мумкин. Аввал улар худди мамлакат президенти каби икки мартадан кўп сайланишга ҳақли эмасди. Янги қонунда бу чеклов олиб ташланган.

Янги қонунга кўра, энди ҳудудий раҳбарлар президент деб аталмайди. Улар губернатор лавозими аталишини маҳаллий қонунчилик асосида ўзгартиришлари мумкин, фақат биргина истисно билан – ҳудудий раҳбарларни президент деб аташ тақиқланади. Қонун «ҳудудий бошқарув тизимини такомиллаштириш» учун қабул қилингани айтилган.

Амалдаги Россия қонунчилигига кўра, Россия президенти ҳудудий губернаторларни «ишончни йўқотгани» сабаб ишдан кетказа оларди. Шунингдек, маҳаллий кенгаш ишончсизлиги губернатор истеъфосига сабаб бўлиши мумкин эди. Янги қонунга кўра, Россия президенти ҳудудий раҳбарларни ҳар қандай сабаб билан эгаллаб турган вазифасидан озод қилиши мумкин.

Шунингдек, губернаторларнинг ҳудуд раҳбарлигида қанча муддатга сайланишини маҳаллий кенгаш ҳал қиладиган бўлди. Аввал бу муддат бир хил – 5 йил қилиб белгиланган эди. Янги қонунда ҳудудий норматив ҳужжатлар Россия конституцияси ва федерал қонунларга зид бўлмаслиги алоҳида белгиланган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид