Ўзбекистон | 16:01 / 23.12.2021
37898
2 дақиқада ўқилади

Ғаройиб тез ёрдам, осма кўприк, қишга ғамланган сув. “Манзил” – Оқдаҳана

“Манзил” лойиҳаси бу сафар Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Оқдаҳана қишлоғида яшовчи, жайдари ва самимий инсонлар ҳақида ҳикоя қилади.

Манзилимизга машинада эмас, поездда боришга қарор қилдик ва Поп-Қарши поездига ўтирдик. Поезд ичидаги атмосфера ажойиб. Биринчи чиққан одам ўзини ҳинд филмларидаги қадимий поездга тушиб қолгандек ҳис қилади. Кимдир ухлаб ётган, кимдир ёнидаги инсон билан танишган, яна кимдир эса қурт, нон, кофе ва шунга ўхшаш нарсаларни сотиб юрган. Эрта тонгда эса Қарши шаҳридан Қамаши туманига йўл олдик.

Оқдаҳана қишлоғи Лангардарё деб аталувчи сойнинг икки ёқасида, адирликларда жойлашган. Аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Одамлари билан гаплашиб, баҳри дилингиз очилади.

Саёҳатимиз давомида ишга қатнаш учун улкан қуриган сойни пиёда кесиб ўтадиган ҳамшира Майсара опа Жумаева, аҳоли доимий фойдаланадиган узун ва экстремал осма кўприк, қиш учун сув ғамлашга мўлжалланган омбор-қудуқлар билан танишдик.

Қишлоқ шифокорлари меҳнатини алоҳида айтиб кетмасак бўлмас. Чунки ёғингарчилик бошланган кезда, кўплаб жойларга машина ҳаракатлана олмайди. Бундай пайтда шифокорлар эшак ва отларда беморларга ёрдам бериш мақсадида йўлга отланишади.

Хуллас, қисқагина кўрсатувимиз орқали ҳақиқий қишлоқ ҳаёти завқини оз бўлса-да улашишга ҳаракат қиламиз. Лойиҳамизни лайк босиш ва изоҳ ёзиш орқали қўллаб-қувватлашни унутманг. Биз эса янги манзиллар томон йўл оламиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид