16:36 / 27.12.2021
34060

Видео: Ўзбекистонда янги пуллар муомалага чиқарилди

Янги кўринишдаги 100 ва 50 минг сўмлик банкнотлар 5 кун кечикиб муомалага чиқарилди. Kun.uz янги пуллар биринчилардан бўлиб етиб келган банклардан бирида бўлиб репортаж тайёрлади.

Бугун, 27 декабр Ўзбекистонда янги кўринишдаги 50 ва 100 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.  

Аввалроқ, янги кўринишдаги пуллар жорий йилнинг 22 декабридан муомалага чиқарилиши маълум қилинганди.

Бироқ, 17 декабр куни тармоқларда янги кўринишдаги 50 минг сўмлик банкнот дизайнида хатолик аниқлангани ҳақида хабар тарқалди.

Айтилишича, 50 000 сўмлик банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилгани, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилган.

Марказий банк ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилди.

Янги 50 минг сўмлик банкнотдаги мақбара номи тўғриланган.

Шундай қилиб, 2021 йилда Ўзбекистондаги деярли барча банкнотлар дизайни янгиланди. Банкнотларни Буюк ипак йўли мавзуси атрофида бирлаштириш ва замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ишлари якунланди.

Маълумот учун, бу билан эски кўринишдаги пуллар муомаладан чиқарилмайди. Эски пуллар табиий йўл билан секин аста янгиларига алмаштирилади.

Ўзбекистонда фақатгина 1000 сўмлик банкнот янгиланмай қолмоқда. Марказий банк аввалроқ Kun.uz’га 1000 сўмлик борасида аниқ маълумот йўқлигини билдирганди.

Top