Ўзбекистон | 11:33 / 11.01.2022
1201
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходимига пора беришга уринган ҳайдовчи қўлга олинди

Қарши шаҳрида ЙПХ ходимига пора беришга уринган ҳайдовчи қўлга олинган. ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 9 январь куни Қарши шаҳар, Хонобод ва Жайхун кўчалари кесишган чорраҳа яқинида ЙПХ ходими Ж.Ҳасанов томонидан Epica машинаси тўхтатилган.

Текширув давомида ҳайдовчи У.Б.нинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келгани боис, ЙПХ ходими уни текширувдан ўтишга таклиф қилган. Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичганини тан олган, лекин текширувдан ўтишдан бош тортган.

Белгиланган тартибда баённома тузилиб, машинани жарима майдонига олиб бориш вақтида, ҳайдовчи чора кўрилмаслиги эвазига ЙПХ ходимига 1,5 миллион сўм пора таклиф қилган.

Ходим ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимларига хабар бериб, пора таклиф этаётган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.

9 январ куни соат 19:10 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қарши шаҳрида фуқаро У.Б. ЙПХ ходимига 2 миллион сўмни чора кўрилмаслиги эвазига пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид