Жамият | 12:00 / 12.01.2022
65684
7 дақиқада ўқилади

Эр-хотин масъулияти ва бурчи — Исломда оилавий муносабатлар ҳақида

Жамиятнинг бош бўғини бўлмиш оила эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга асосланади. Бу борада эр-хотин зиммасига юкланадиган бурч ва вазифалар доимий муҳокамалар марказида бўлиб келган. Kun.uz олима Одинахон Муҳаммад Содиқ билан уюштираётган туркум суҳбатларнинг галдаги сони шу масалага бағишланади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Эркак ва аёллар масаласи ҳар замон ва ҳам маконда тортишувли масала бўлиб келган. Бу ерда энг кўп муаммолар қайси нуқталарда келиб чиқаётгани тўғрисида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Оила, эр-хотинлик муносабатлари динимизда муқаддас ришта ҳисобланади. Бу риштани боғлаш, оила барпо қилишда катта мақсадлар кўзланган. Шу сабабдан ҳар иккала тарафга ҳам ўзига яраша масъулиятлар, бурчлар, вазифалар юклатилган.

Аввало, оила қуришдан мақсад нималигини тушуниш лозим. Шариатимизда ҳар бир ишдан кўзланган мақсад бор. Динимизда инсоннинг ҳаёти, ақли, дини, шаъни ва молини муҳофаза қилиш муҳим ҳисобланади ва шунга яраша аҳкомлар жорий қилинади. Оила қуришдан мақсад – иффатни сақлаш, яъни иккала томон ҳам бир-бирларининг иффатларини сақлашлари керак бўлади. Яна бир асосий мақсад эса насл қолдириш. Тинч-тотув оила бунёд этиш ҳам мақсадлардан бири бўлиб, оила тинч бўлса – жамият ҳам тинч-тотув бўлади. Жамиятнинг салоҳиятли бўлиши оилаларнинг салоҳиятли бўлишига боғлиқ.

Оилада эр ва аёлнинг ўзига хос муштарак бурч ва вазифалари бор: никоҳланиб, ҳалол ҳаёт кечириш, бир-бирига нисбатан Аллоҳдан қўрққан ҳолатда муносабатда бўлиш лозим.

Одинахон Муҳаммад Содиқ
Фото: Kun.uz 

Эрнинг аёли олдидаги бурчлари

Оилада эркакнинг ўз аёли олдидаги бурчи икки қисмга бўлинади: моддий ва маънавий бурчлар. Моддий бурчларга аёл кишининг таъминоти назарда тутилади. Бу аёлга маҳр беришдан бошланиб, оила қурилгач, унинг барча эҳтиёжлари: емак-ичмак, кийим, маскан, агар қурби етса, аёл уй юмушларида қийналиб қоладиган бўлса, уни ёрдамчи билан таъминлаш, уй жиҳозлари, озодалик учун керакли анжомлар билан таъминлаш эркакнинг зиммасидаги бурч ҳисобланади. У ўз аёли учун буларни оғринмасдан амалга ошириши керак.

Маънавий бурчлар эса аёлга илм бериш, унинг динини мустаҳкам қилишдан бошланиб, аёлга яхши муносабатда бўлиш, яхши яшаш назарда тутилади.

Қуръони каримда ҳам: “Аёлларингиз билан яхши муошаратда (яхши яшашлик) яшанг”, деб амр қилинган. Аёлини ерга уриб, хўрлаб, унга азият етказмаслик, беэътибор ташлаб қўймаслик ҳам эрнинг маънавий бурчи ҳисобланади.

Аёлнинг эр олдидаги вазифалари

Аёл кишининг ўз эри олдидаги бурчларининг асоси – унинг итоатида. Эрининг рухсатисиз нафл рўзасини тутмаслик, эри ёқтирмаган кишиларни уйига киргизмаслик, уйдаги нарсаларни унинг изнисиз бировга бермаслик, эрининг сирларини муҳофаза қилиш, уйдаги оила аҳли, бола-чақаларини муҳофаза қилиш аёлнинг олдидаги вазифалардир.

Эр ва хотин бир-бирларининг иффатларини сақлашлари муҳимлиги ҳақида айтиб ўтдик. Ҳозирги кунда баъзи бир эркаклар томонидан бу нарса эътиборга олинмаслиги кўп кузатилмоқда. Ўз аёлларини узоқ вақт ҳижронда ташлаб қўйиш оқибатида кўп аёллардан мурожаатлар келади. Эркак бошқа аёлнинг аралашуви ёки бошқа сабаблар билан узоқ вақт хотинини ҳижронда қолдиради – унга нисбатан эътиборсизлик қилади. Бунинг оқибатида аёлда тушкунлик кайфияти, табиатида, хулқида салбий ўзгаришлар юз беради. Аёлни никоҳ асосида ҳалоллаб олгач, бу жиҳатларгаям эътибор бериш керак.

Бизга синов бўлаётган бир ачинарли ҳолатга назар солинса, телефон орқали бошқа аёллар билан топишиб олиб, улар билан гаплашиш, аёлининг олдида улар билан ҳузурланиш, беҳаё-шармсиз нарсалар кўриш оқибатида ўз аёллари беэътибор қолишади.

Шу ўринда аёлларимизга ҳам бир нарсани таъкидлаш керакки, модомики эрларининг ҳалоли бўлишгач, фақат улар билан ҳузурлансин. Бу унинг ҳаққи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам эрнинг кўзи тушадиган ҳолатда ороланиб, эрлари учун зийнатланиш жоиз.

Фото: Kun.uz 

Оилада эркакнинг устунлиги нима билан исботланади?

Ҳозирда эр олдига қўйилган моддий масъулият – нафақа масаласи ҳам асосий муаммога айланиб қолди. Оилада эркак ўзини устун ҳисобласа ҳам таъминот масаласига келганда қусурлари борлиги аён бўлади. Шариатда унинг устунлиги таъкидланади, аммо қайси жиҳатлари билан устун эканликлари қайд этилган.

Одатда жамиятимизда эркакнинг устунлиги унинг зиммасига юкланадиган вазифаларда эканига кўпинча кўз юмилади.

Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида эркакларнинг икки нарса туфайли устун эканликларини айтган. Эркак зоти қўмондонликка муносиброқ қилиб яратилди, чунки у ўз оиласини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга масъул этилган. Жисмоний жиҳатдан аёлдан кўра қувватлироқ бўлгани учун ҳам шу вазифа унга берилган. Бу фақат шараф ва мартаба эмас, балки масъулиятдир.

Иккинчи жиҳат эса эркак оилада таъминотни бўйнига олиши лозим. Шунинг учун ҳам оилада у раҳбарликка лойиқ саналади. Лекин буни унутиб, ишламасдан, дўст-биродарлари билан вақт ўтказиб, чет элга кетиб пул жўнатмасдан туриб, аёлдан аёлликни талаб қилишади ва яна ўзларини устун ҳисоблашади.

Аёлнинг таъминоти эрнинг зиммасида, унга пул топиш, оила боқиш зарурати юкланмаган. Бу алоҳида эътибор бериладиган, қайта-қайта тушунтириладиган масала. Чунки бунинг оқибатида оиладаги вояга етаётган болалар ҳам азият чекишади.

Яқинлар билан муносабатлар

Икки томон ҳам бир-бирининг яқинлари, оила аъзоларига ўзаро ҳурматни сақлаши, яхши муносабатда бўлишлари керак. Бу ҳолат кўпинча эркаклар томонидан бузилади. Аёл эрнинг хонадонига боргач, унинг оила аъзолари ва яқинларининг ҳурматини жойига қўяди, акс ҳолда тезда низо чиқади. Шунга йўл қўядиган аёллар ҳам учрайди, бу эса эрнинг кўнглини қолдириб, орага совуқчилик соладиган сабаблардан биридир.

Афсуски,эркаклар томонидан аёлининг яқинларини камситиш, уларга нисбатан ҳурматни сақламаслик кўпайиб кетяпти – бу асло мумкин эмас. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) ота-онаси мушрик бўлганларнинг ҳам ота-оналари ҳақида ёмон гап айтишдан қайтарганлар. Чунки бу инсоннинг қалбини оғритади.

Аёл ўз ота-онаси, яқинлари билан кўришишни истаганда эр томонидан тақиқлаш, йўл бермаслик ҳам кўзга ташланади. Бу ҳам катта хато: ота-онанинг мақоми қанчалик улуғ экани таъкидланиб, уларга яхшилик қилишга буюрилган. Шундай экан, турмуш қуриш бунга монелик қилмаслиги лозим. Қолаверса, динимизда силаи раҳм улуғланади. Борди-келди чегараланган тақдирда ҳам, аёлнинг яқинлари билан алоқани узишга қаршилик бўлмаслиги керак.

Оилада шу жиҳатларга эътибор қаратилиб, амал қилинса, оилаларимиз мустаҳкамлигига эришамиз.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзуга оид