Биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас: Лукашенконинг “хурмача” баёнотлари
Беларус раҳбари Александр Лукашенко яна сиёсий ва дипломатик хатога йўл қўйди. Умуман алоқаси йўқ пайтда, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти йиғилишида ташкилотга аъзо бўлмаган учинчи бир давлат, яъни Ўзбекистонга таҳдиднамо ишора йўллади.
Нима эмиш, Қозоғистондаги воқеалардан Ўзбекистон керакли хулосаларни чиқариши керак экан. Қозоғистонда тўполонни келтириб чиқарганлар энди Ўзбекистонга назар ташлаб тургани ҳақида маълумотлар бор эмиш.
Гап шундаки бу Лукашенконинг қовун тушириши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас ва охиргиси ҳам бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин.
Бугунги кўрсатувимизда Беларусни 27 йилдан бери узлуксиз бошқариб келаётган, охирги сайловдаги ғалабаси ўз халқи ва кўплаб давлатлар томонидан тан олинмаган сиёсатчининг кулги ва танқидларга сабаб бўлган баёнотларини ёдга оламиз.
***
Лукашенко Беларус колхозларидан бирига сафари чоғида иқтисодий билими қай даражада эканини кўрсатган: инфляцияни енгиш учун халқ орасида ўзаро савдо-сотиқни натура шаклда амалга оширишни таклиф қилган.
“Инсонлар пул ўрнига натура кўринишида тўлов қилишлари мумкин. Чунки ҳозир инфляция даҳшатли”.
Фашист Гитлер, алқанган Гитлер
Беларус президенти немисча тартиб-тамойил ҳақида гапираркан, бир чиқишида Гитлерни фашист эканини ёдга олса, иккинчисида уни алқайди.
“... чунки ҳокимият тепасида фашист эди!”
“Немисча тартиб-тамойил асрлар оша шаклланган эди, Гитлер ҳокимияти даврида бу ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди”.
Сайловлар сохталаштирилгани рост
Давлат раҳбари мухолифат ва сайловлар ҳақида сўзларкан, сайловлар натижалари сохталаштирилганини рўй-рост тан олган пайт ҳам бўлган.
“Ҳа биз, сўнгги сайловлар натижаларини сохталаштирдик. Мен буни ғарбдагиларга айтганман. Халқ президент Лукашенкога 93,5 фоиз сайловчи овоз берди. Айтишдики, бу европача кўрсаткич эмас. Биз 86 қилдикми?”
“Абадий президентлик” даъвоси
Йиғилишлардан бирида эса, президентлик мазасини тотиб кўрганини, шу боис истаганича президент бўлишини таъкидлайди.
“Ўзларингизни босиб олинглар, жаноблар, Лукашенкони суриб четга чиқариб қўйса бўладиган одам эмас. У президентлик нонини тотиб кўрди. Агар бутун дунё қарши чиққан тақдирдаям, у президент бўлишни истаса, бўлади”.
Давлат раҳбари даражасида ирқий камситиш
Лукашенко жаҳон сиёсатидаги айрим лидерлар баёнотлари юзасидан ҳам ўз фикрини билдириб боради. Хусусан, АҚШ собиқ президенти Барак Обаманинг БМТдаги чиқишига қуйидагича баҳо берганди:
“Ахир яқингинада қора танли инсонлар Америкада қул эмасмиди, энди эса, қандайдир васийлик ҳақида гапирмоқда”.
Россия – дўстми ё душман?
Россия–Беларус иттифоқ давлати ҳақида сўзлар экан, гоҳ Россияни айбласа, гоҳида унинг истагини амалга оширишга шайлигини айтган, бошқа бир пайтда эса ўзини Россиянинг биринчи президенти деб тарифлайди.
“Россия референдум ўтказишга рози бўлмади, кечирасизлар-ку, у иттифоқчилик шартномасини йўқ қилди”.
“Агар Россия биздан ер остига кириб уларга фойда келтиришимизни истаса, биз уларнинг истагини амалга оширамиз”.
“Сиз олимларни билмадимку-я, лекин мен Россиянинг биринчи президенти сифатида, бунга қўл ура олмайман”.
Балиқни балиқ билан е!
Президент Беларус халқига тез-тез маслаҳат ҳам бериб туради.
“Картошкани гўшт билан тановул қилиб нима қиласан? Селёдкани балиқ билан е. Кечқурун гўштни бу булба (картошка) билан паққос тушириб, ухлашга ётасанми?”
Коронавирус ҳам, чўчқа гриппи ҳам...
У баъзида, соғлиқни сақлаш тизимлари қайд қилган касалликларни тан олишни истамайди ёки кўз юмади. Коронавирус пандемияси пайтида ҳам ниқоб тақиш шартлигини шубҳа остига олганди. Ундан аввалроқ эса чўчқа гриппига ишонмаслигини намоён қилганди.
“Чўчқа гриппидан сақланиш учун, келинг, дока ниқоб, иштон-трусини юзимизда тақиб юрамиз”.
Чандиқ қани, ўртоқ Лукашенко?
Қаҳрамонимиз ўзини алқашни жуда яхши кўради, аммо баъзида ҳаддан ошириб юборади. У ҳоккейда юзи 4 марта ёрилганини таъкидлайди, бизда эса савол туғилди: Юзингизда чандиқлар кўринмайдими?
“Ҳоккей ўйнашни бошладим. Муз устидаги енгил ҳаракатлар. Албатта, юзимни 4 марта ёриб ташлашди, кейин тикишди”.
Жиддий саволга келганда, гапни айлантириш
Лавҳамиз сўнггида, ўртоқ Лукашенко журналистларнинг ноқулай саволларига чап беришни ҳам қойилмақом қилиб уддалишини таъкидламоқчимиз.
– Кечирасиз, журналистик нуқтайи назаридан қатъийроқ савол бермоқчиман.
(Жиддий саволлигини эшитган Лукашенко гапни буришни уддалайди).
– Балки, сизга қаҳва беришсин?! Сиз қаҳва ичасизми?
– Йўқ, биз ҳар бир сониямизни...– Демак, қаҳва ичасизлар... Яхшиси, келинг, янги дамланган чой. Бизга шамоллаб қолмасликлари учун малинали мураббо ва чой келтиринг.
Хуллас, мана шунақа гаплар. Бир боғдан келса, бир тоғдан келади Беларус президенти. Шундай экан, унинг баёнотларини жуда жиддий олиш ярамайди.
Толиб Раҳматов
Мавзуга оид
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024
Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр
19:19 / 23.10.2024