Жамият | 20:10 / 14.01.2022
10664
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида яна вагонлардан бири тутаб кетди

«Туркистон» метро бекатида ёнғин чиққани ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ берилди.

Фото: Видеодан кадр

Телеграм каналларида 14 январь куни Тошкент метросининг Юнусобод йўналишидаги «Туркистон» бекатида ёнғин содир бўлгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Видеода метро бекати атрофида бир нечта махсус машиналар тўхтаб тургани, ўт учирувчилар шлангларни метро станциясига тортиб олиб кетишаётгани, бекатдан одамлар шошиб ташқарига чиқаётгани кўринади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов ёнғин содир бўлмагани, вагонларнинг бирида симларнинг содир бўлган қисқа туташувидан сўнг худди ёнғин бўлган вақтдагидек қуюқ тутун тарқалганини маълум қилди.

«Вагонларнинг бирида симларнинг қисқа туташуви юз берган. Шунинг натижасида вагонга қуюқ тутун кирган, аммо ёнғин содир бўлмаган. Ҳодиса жойига зудлик билан ёнғин-қутқарув отрядлари жалб этилган.

Юзага келган ҳолат сабаби маълум бўлгач, тутун чиқишига сабаб бўлган муаммо бартараф этилган. Ижтимоий тармоқларда айтилганидек, метро бекати ёнгани йўқ. Қолаверса, қисқа туташув натижасида вагонда ҳам ўт чиқмаган.

Қисқа туташув рўй берган вақтда худди ёнғин бўлган вақтдагидек қуюқ тутун чиқади. Одамлар шунинг учун ёнғин чиқди деб ўйлашган. Ҳодиса натижасида қурбонлар ёки жабрланганлар йўқ. Айни пайтда метро бекатида поездлар белгиланган график асосида йўловчиларга хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда», деган у.

ФВВ вакили Kun.uz’га берган изоҳида ёнғин чиқмаган жойга 4та ёнғин-қутқарув бригадаси жалб этилганини, ёнғин чиқмагани кейинроқ маълум бўлгани ва метро кўп одам тўпланадиган объект бўлганини ҳисобга олиб, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоялаш мақсадида бир нечта бригада бир вақтнинг ўзида ҳодиса оқибатларини бартараф этишга юборилганини айтди.

Аввалроқ, 23 декабрь куни «Космонавтлар» метро бекатида вагонлардан бири тутаб кетган, поезд техник кўрикдан ўтказиш учун депога юборилганди.

2021 йил мобайнида метрода жуда кўплаб кўнгилсизликлар кузатилган, бу эса илгари энг хавфсиз транспорт тури дея эътироф этиладиган метрополитеннинг фаолиятини ташкил этиш бўйича қатор саволларни туғдирганди.

Мавзуга оид