Ўзбекистон | 10:16 / 17.01.2022
11195
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга қамалди

Қашқадарё вилояти Касби туманида 500 минг сўм пора олган туман тиббиёт бирлашмаси ўринбосари 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Олий суд хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Эркин Бозоров 2017 йил сентябрь ойидан Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари ҳамда тумандаги 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш комиссияси раиси лавозимида ишлаб келган.

У мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, тамагирлик йўли билан Касби тумани Назартепа қишлоғида яшовчи М. Ярматованинг ўғли 2019 йилда туғилган С.М.га ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилади. Э. Бозоров бунинг эвазига М. Ярматовадан 600 минг сўм талаб қилади.

2021 йил 5 август куни М.Ярматованинг аризаси юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Э. Бозоров ўзининг хизмат хонасида М. Ярматовадан келишилган пул маблағидан 500 минг сўм олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг 2021 йил 20 декабрдаги ҳукмига асосан Э. Бозоров Жиноят кодекси 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг “в” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ушбу кодекснинг 45-моддасига мувофиқ 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо тайинланган.

Мавзуга оид