Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизимлари ўзаро қандай боғланган?
25 январь куни Марказий Осиёнинг уч давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда блэкаут юз берди. Бунга Марказий Осиё ягона энергетика тизимида юз берган носозлик сабаб сифатида кўрсатилган. Ушбу тизим нима мақсадда ташкил этилганди?
Қирғизистон блэкаут туфайли Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимидан чиқди, деб хабар берди «24.kg» мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот котиби Жийде Зоотбековага таянган ҳолда.
Таъкидланишича, Қирғизистон ягона энергия ҳалқасидан чиққанидан сўнг мамлакатда электр таъминоти босқичма-босқич тиклана бошлаган. Аммо расмий Бишкек умумий энергия ҳалқасидан бутунлай чиққани ҳақида маълумот бермаган. “Тоқтогул” сув омборининг сув сатҳи “ўлик чегара” даражасигача тушиши эҳтимоли борлиги сабаб қўшни мамлакатлар томонидан Қирғизистонга электр энергия етказиб бериш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди. Мантиқан ўйлаб қаралса, айни пайтда энергия таъминоти бошқа мамлакатларга боғлиқ бўлиб қолган Қирғизистоннинг умумий энергетика тизимдан чиққани носозликлар бартараф этилгунга қадар вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.
Умуман олганда, тугатилиб, яна қайта ташкил этилган ягона энергетика тизими минтақа мамлакатлари учун қанчалик аҳамият касб этади?
Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими
Собиқ иттифоқ вақтида Марказий Осиёнинг гидроэнергетикаси ва деҳқончилигини ривожлантириш ягона тизимга бирлаштирилган эди. Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Жанубий Қозоғистонни қамраб олган Марказий Осиё энергетика тизими оператори ролини Тошкент бажарган. Айнан Ўзбекистон бошқа тўрт давлат билан чегарадош бўлиб, бу ҳол уни табиий равишда минтақавий энергия ҳабига айлантирган. СССР парчаланганидан кейин 1997 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида энергия тизимларининг параллель ишлаши тўғрисида шартнома имзоланади. Мураккаб тизим бешта давлатнинг 83 та электр станциясини бирлаштирган ва Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган.
Тизим электр энергияга мавсумий талаб ва сувга эҳтиёжлар ўзгаришларини мувозанатлаштиришга имкон берган. Тожикистон ва Қирғизистон қишки вақтда ўзидаги сув омборларида сув йиғиб, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергия ва энергия захиралари (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзги вақтда Тожикистон ва Қирғизистон йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга ерларни суғориш учун йўналтирган.
Аммо 2003 йилда Туркманистон электрга бўлган эҳтиёжини ўзи қондиришга қарор қилиб, ягона тизимдан чиқади. 2009 йил декабрь ойида Марказий Осиёнинг энергетик ҳалқаси ўз фаолиятини тўхтатади. Асосий сабаб сифатида Ўзбекистоннинг тизимдан чиқиши келтириб ўтилган (минтақадаги бошқа давлатлар тармоқдан автоматик равишда узилиб қолган). Бунга кўпчилик мутахассислар томонидан Тошкент ва Душанбе ўртасида Роғун ГEСининг қурилиши туфайли юз берган зиддиятлар сабаб сифатида кўрсатилган.
Тизимнинг қайта тикланиши
Ягона энергетика тизимини тиклаш зарурати биринчи марта 2014 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистонда юзага келган электр энергияси тақчиллиги туфайли муҳокама қилинган. Аммо бу кутилган натижа бермаган. 2017 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари энергетика идоралари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтган ва улар ўртасида ягона энергетика тизимини тиклаш масаласи кўриб чиқилади.
2018 йилда Тошкентда Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё биринчи конференцияси ўтказилади. 2019 йилда Истанбулда ўтказилган иккинчи конференцияда минтақа давлатлари ягона электр энергияси бозорини яратиш бўйича декларация имзолашади. Ўтказилган музокаралардан кейин Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон бирлашган энергия тизимига қайтишга қарор қилади. Энергия ҳалқаси учун инфратузилмалар сақланиб қолингани бу ташаббусни амалга оширишда ортиқча муаммоларни юзага келтирмайди. Бирлашган энергия тизимлари иқтисодий нуқтайи назардан барча томонларга фойда келтиради, сабаби бир мамлакатлардаги узилишлар бошқа томоннинг профицитлари ҳисобига қопланади.
2021 йил декабрь ойи бошида Москвада бўлиб ўтган Евросиё конгрессида Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир 2022-2023 йилларда Тожикистон ҳам ягона “энергетика ҳалқаси”га қайтишни режалаштираётганини айтиб ўтган.
Мутахассисларга кўра, агар бир мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб кетса, тизимга оғир юк тушмаслиги ва носозлик юз бермаслиги учун ўзининг захира қувватидан фойдаланиши керак (Ўзбекистонда улар катта эҳтимол билан мавжуд). Агар захира қуввати бўлмаса (эҳтимол Қирғизистонда), истеъмолчиларнинг муайян қисми учун электр таъминотини вақтинча ўчириш лозим.
Ўзбекистоннинг энергетика тизими
Ўзбекистонда энерготизим бўйича илк қадамлар бундан 112 йил муқаддам, 1909 йилда қўйилган. Тошкентнинг Дизелная кўчаси бўйлаб қатновчи трамвай учун 135 кВт соатли дизель электростанция ишга туширилган. 1913 йилга келиб аҳолига ҳам электр энергияси етказила бошланган ва 2 кмлик дастлабки линия тортилган. Ўша пайтда Туркистон ўлкаси ҳудудида умумий қуввати 3,3 млн кВт.га тенг бўлган 6 та дизель электр станция ишлаган. Ўтган асрнинг 20-30 йилларида фаол тарзда гидроэлектростанциялар қурила бошланган ва энг қизиғи уларнинг аксарияти ҳозирги кунда ҳам ишлаб турибди. Улардан биринчиси 1926 йилда қурилиши бошланган Бўзсув ГЭСи бўлган.
Охирги 5 йиллик давр олиб таҳлил қилинганда, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 21 фоизга ўсган.
- 2016 йилда 59 млрд кВт.соат;
- 2017 йилда 60,7 млрд кВт.соат;
- 2018 йилда 62,8 млрд кВт.соат;
- 2019 йилда 63,6 млрд кВт.соат;
- 2020 йилда 66,4 млрд кВт.соат;
- 2021 йилда 71,3 млрд кВт.соат.
Шунингдек, 2018–2021 йилларда Ўзбекистон хорижга 496,5 миллион долларлик электр токи экспорт қилган. Бу давр мобайнида энг кўп экспорт 2018 йилга (165,8 млн доллар), энг ками эса 2021 йилга (93,9 млн доллар) тўғри келган.
Мавзуга оид
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
17:22 / 19.11.2024